Депутат Эмил Жамгирчиевга қўзғалган жиноят иши қайта жонланди

387

Биринчи май туман судининг 1-декабрдаги қарори билан Жогорку Кенешнинг депутати Эмил Жамгирчиевга қўзғалган жиноят иши қайта тикланди. Бу ҳақда «Клооп»га 5-декабрда суднинг матбуот хизмати билдирди.

Маълумотга кўра, суд йиғини 7-декабрь соат 15:00га белгиланди.

Жамгирчиевга қўзғалган жиноят иши шу йили 26 июлда тўхтатилган. Ўшанда суд халқ вакилини адвокатининг «Қирғизистон Республикасининг Жогорку Кенеши депутатининг мақоми ҳақида»ги қонуннинг 28-моддаси 2-бўлими бўйича Конституцион судга мурожаатини қаноатлантирган. Бу моддада депутатни Жиноий жавобгарликка тортишга парламентнинг розилигини олиш тартиби кўзда тутилган. Конституцион суд илтимосни кўриб чиққунга қадар жиноят иши тўхтатиб турилган.

Эмил Жамғирчиевнинг жиноят иши

2019 йилда Эмил Жамғирчиев «Лавозимни суиистеъмол қилиш», «Пора олиш» ва «Товламачилик» моддалари бўйича айбланган.

Унда Хитойдан ўрдак гўштини контрабанда йўли орқали олиб келиб ишлашда айбланган хусусий тадбиркор Эмир Эмилқанов жиноят ишини ёпиш учун Жамғирчиевга ҳукумат аппарати раҳбарининг собиқ ўринбосари Бақтибек Қалмуратов орқали  катта миқдорда пора берганини айтган. Иш ёпилмаган, Эмилканов Жамғирчиев билан Қалмуратовнинг устидан МХДҚга ариза ёзган. Жамғирчиев тадбиркорнинг айтганларини «туҳмат, миш-миш» деб атаган.

2020 йилнинг октябрь ойида Жамғирчиев ва Қалмуратов «Пора олиш» гумони билан қўлга олиниб, МХДҚнинг тергов изоляторига киргизилган. Бироқ 2021 йилнинг февралида Жамғирчиев уй қамоғига чиқарилган. Орадан икки ой ўтиб суд Қалмуратовни ҳам уй қамоғига чиқарган.

Суд мажлисида тадбиркор Эмир Эмилканов судланувчилар 27 минг доллар товон тўлагани ва уларга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини айтган. Шу билан бирга, собиқ финпол зобити Жамғирчиев ҳеч қандай пул тўламаганини айтган.

Бишкекнинг Биринчи Май туман суди 19 ноябрда Жамғирчиев ва Қалмуратовни оқлаган. Прокурор эса уларнинг айби ушбу моддалар билан аниқ белгиланганлигини айтиб, уларни 15 йилга озодликдан маҳрум этиш ва 250 минг сом жаримага тортишни сўраган.

Бироқ суд барча айбловлар бўйича ҳеч қандай жиноят йўқлиги сабабли Жамғирчиев ва Қалмуратовни оқлаб, уларга реабилитация ҳуқуқини қайтариб берган.

Суд Қалмуратовга қўйилган айбловни «Фирибгарлик» моддасига ўзгартириб, жабрланувчи Эмир Эмилқановнинг даъвоси йўқлиги сабабли ишни қисқартирган.

Бу Жамғирчиев ҳеч қандай тўсиқсиз депутат бўла олишини англатади. У  депутатликка номзодини «Альянс» партиясидан кўрсатган.

Жамғирчиев 2022 йилнинг март ойидан бери Жогорку Кенешнинг VII чақирилишининг депутати.