Ақилбек Жапаров аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича ишларни кучайтиришни топширди

184

Вазирлар маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров 24-ноябрда аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини олдини олиш масалалари бўйича йиғин ўтказиб, «Гендер зўравонликка қарши 16 кунлик фаоллик» ҳаракатига старт берди.

Вазирлар маҳкамасининг матбуот хизмати билдиришича, Жапаров йиғинда «оиладаги зўравонлик фактларини олдини олиш ва тўхтатиш масаласи ҳукуматнинг устувор йўналишларидан бири эканини» таъкидлади.

Шу сабаб у ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига, маҳаллий ҳукумат органларига ва ижтимоий хизматларга бу борада ишни кучайтиришни топширди. Шунингдек, бу йўналишда ҳозирги давлат дастурларини ва чора-тадбирларни қайта кўриб чиқишни, аёлларни ҳимоя қилиш ва қўллаг бўйича янги чоралар киритиш ва фаоллаштириш бўйича топшириқ берди.

«Тенглик ва гендер сиёсатини ривожлантириш бу шунчаки тенденция, оғзаки сўзлар ёки халқаро мажбуриятларни бажариш эмас. Бу соғлом, адолатли ва ривожланган жамиятнинг пойдевори. Шу сабаб биз хавфсиз, тинч ва фаровон ҳаётни тузиш учун жамиятимизнинг ҳар бир аъзосини ҳимоя қилишга бор кучимизни сарфлаймиз. Аёлларга ва қизларга нисбатан зўравонликни олдини олиш сиёсати ҳукуматнинг эътиборида бўлади», — деб таъкидлади вазирлар маҳкамасининг бошчиси.

Вазирлар маҳкамасининг матбуот хизмати Жапаров аёлларга моддий-иқтисодий ёрдам бериш масаласига ҳам тўхталганини билдирди.

Бундан ташқари, йиғинда ҳозирда Жогорку Кенешнинг муҳокамасига бундай кўринишларни олдини олиш чорасининг янги турини киритиш ҳақида – зўравонлик қилган одамларга электрон браслетларни тақиш бўйича қонун лойиҳаси таклиф қилингани таъкидланди. Унинг ёрдами билан ҳукумат бундай одамларнинг жойлашган ери ва «зўравонликка учраган одамларга яқинлашган радиусни» кузатади.

Бундан ташқари, йиғинда президентнинг топшириғи билан 2030 йилгача аёллар лидерлигини қўллаш бўйича махсус дастур ишланаётгани айтилди.

Оиладаги зўравонлик — ўлкада кўп йиллардан бери долзарб бўлаётган асосий масалаларнинг бири. ИИВнинг маълумотига кўра, жорий йилнинг сўнгги ўн ойида оиладаги зўравонликнинг 10 минг 400 ҳолати қайд этилган.

2023 йилнинг октябрида Қирғизистон дунёдаги аёлларнинг фаровонлиги ва хавфсизлиги бўйича глобал индексда (WPS Index) 177 давлат орасидан 95-ўринни эгаллаган. Бу кўрсаткич Қирғизистон иккинчи йил ҳам Марказий Осиё минтақасидаги аёллар учун энг хавфли давлат бўлаётганини англатади.