Ўш вилоятига қарашли Ўзган шаҳрининг мэри Дамир Монолдоров марҳум криминал Қамчи Колбаевнинг жиноий гуруҳига алоқаси бор деган гумон билан қўлга олинди. Бу ҳақда 15 ноябрда МХДҚдан билдиришди.
Шунингдек, Монолдоров «Ҳаёт ва соғлиққа хавфли зўравонлик қўллаш билан қўрқитиш» моддаси асосида ҳам айбланмоқда.
Махсус хизматдан Ўзган шаҳрининг мэри «шахсий манфаатларини кўзлаган мақсадларига етиш учун уюшган жиноий гуруҳ аъзоларининг имкониятларидан тизимли тарзда фойдаланиб, ўзига ёқмаган одамларни қўрқитиб келган» деб таъкидлашди.
«Аниқроқ айтганда, жиноят оламининг айрим вакиллари куч қўллаш хавфи остида фуқаровий фаолдан Ўзган шаҳри мэрининг ишини танқид қилишни тўхтатишни ва оммавий ахборот воситаларида ёритмасликни талаб қилиб, акс ҳолда соғлиққа зарар келтирамиз, деб қўрқитишгани аниқланди», — деб айтилади билдирувда.
Юқорида айтилган гумондорлар қўлга олиниб, МХДҚнинг Ўш шаҳри ва Ўш вилояти бўйича тергов қамоғига қамоққа олинди. Ҳозирда жиноятда иштирок этганларни аниқлаш бўйича тергов ишлари давом этмоқда.
Монолдоров Ўзган шаҳар раҳбарлигига ўтган йили 16 майда тайинланган. У 2016 йилдан 2020 йилгача Иссиқкўл вилоят маъмуриятида вилоят бошчисининг ўринбосари бўлган.