МХДҚ: Колбаев жиноий гуруҳининг яна бир аъзоси пул талаб қилишда гумонланиб қўлга олинди

278

15 ноябрда МХДҚ марҳум криминал Қамчи Колбаев уюшган жиноий гуруҳининг «шпана» деб аталган аъзоси пул талаб қилишда гумонланиб қўлга олинганини билдирди.

Махсус хизматнинг маълумотига кўра, гумондор ҳозирда 8-ахлоқ тузатиш муассасасида жазо муддатини ўтаётган 24 ёшли кишининг буйруғи билан бошқа бир фуқародан пул талаб қилган.

«Фуқарони номаълум томонга машинасига солиб кетиб, у ерда юқорида тилга олинган одамлар тан жароҳати етказишган. Кейин турли таҳдидлар ва жисмоний куч ишлатиб, томоғига пичоқ тираб, 8-ахлоқ тузатиш муассасасидаги уюшган жиноий гуруҳнинг “кассасини” тўлдириш учун 200 минг сом миқдорида пул талаб қилишган», — дейишди МХДҚдан.

Бу факт бўйича олдин судланган 27 ёшли Колбаев жиноий гуруҳининг аъзоси қўлга олиниб, вақтинча сақлаш жойига киритилди.

МХДҚ 4 октябрда махсус операция вақтида йўқ қилинган криминал Қамчи Колбаевнинг ўлимидан кейин турли жиноий гуруҳларнинг аъзоларини қўлга олиш ишларини кучайтира бошлаган.

Махсус хизмат маълумотига кўра, умумий Колбаев уюшган жиноий гуруҳининг 40дан ортиқ фаол аъзоси билан лидерлари қўлга тушган.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда УЖГ аъзолари билан криминаллар «қонундаги ўғри» деган лақаб билан жиноят оламидаги тушунчалардан бош тортиб, давлат қонунларига бўйсунишларини ваъда қилган видеолари тарқаган.