Россия армияси билан шартнома тузган қирғизистонлик Украинада ҳалок бўлгани хабар қилинди

251

Рус армияси билан шартнома тузиб, Украинадаги урушга кетган қирғизистонлик Мирлан Атабаев вафот этди. Унинг жасади 2-ноябрда Бишкекда дафн қилинган. Маълумот 10-ноябрда Россиянинг Сургут шаҳар маъмуриятига тегишли бўлган телеграм-каналга жойланган.

Мирлан Атабаев. Сурат: Сургут шаҳар маъмуриятининг телеграм-канали

Маълумотга кўра, 41 ёшли Атабаев Бишкекда туғилиб, Қирғиз давлат техника университетини битирган. Уйланиб, қизли бўлгандан кейин оиласи билан Сургут шаҳрига учиб кетган.

«2023 йилнинг ёзида Россиянинг мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиб, ўқ отувчи сифатида махсус ҳарбий операция ўтаётган жойга отланган. Октябрда Донеск халқ республикаси ҳудудида вафот этган», — дейилади билдирувда.

Маълумотда Атабаевнинг рус фуқаролигини олган-олмагани ёзилмаган. Марҳумнинг ортида аёли ва болалари қолди.

Украинада ажал топган қирғизлар

2022 йилнинг 24-февралида Россия Украинага катта масштабда ҳужум қилган. Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари бугунги кунгача давом этмоқда.

Очиқ маълумотлардаги хабарга кўра, Россия томонида урушган 30дан ортиқ қирғизистонлик Украинада ҳалок бўлган. Урушга ЧВК Вагнер сафида кетиб, ҳалок бўлган 17 қирғизистонлик маълум.

Қирғизистоннинг махсус хизмати қирғиз фуқаролари чет ўлкадаги қуролли можароларга қатнашса жиноий жавобгарликка тортилишини бир неча марта огоҳлантиришган. Уруш ҳаракатларига қатнашганларнинг мулки мусодара қилиниб, ўн йилгача қамалиши мумкин.

Бунгача май ойида қирғиз фуқароси бўла туриб, Россиянинг қаторида Украинадаги урушга қатнашган 31 ёшли Аскар Кубаничбек ўғли 10 йилга судланган.

Кейин Олий суд ҳукмни бекор қилиб, Кубаничбек ўғлининг жиноий ишини Биринчи май туман судига янгидан кўриб чиқишга юборишга қарор қилган.