Собиқ мэр Эмилбек Абдикадиров президентнинг Иссиқкўл вилоятидаги мухтор вакили этиб тайинланди 

257

Бишкекнинг собиқ мэри Эмилбек Абдикадиров президентнинг Иссиқкўл вилоятидаги мухтор вакили этиб тайинланди. Буйруққа давлат раҳбари Садир Жапаров қўл қўйганини 10-ноябрда президент администрацияси билдирди. 

Абдикадиров шаҳар раҳбари этиб ўтган йилнинг февралидан бошлаб жорий йилнинг октябригача ишлаган. Уни ишдан кетишига бошқа хизматга ўтгани сабаб бўлгани айтилган.

Президентнинг Иссиқкўл вилоятидаги мухтор вакили Илияз Иманбетов хизматга 2022 йилнинг сентябрь ойида тайинланган эди.

Абдикадиров ҳақида нима маълум?

65 ёшли Эмилбек Абдикадиров Талас туманининг Кара-Ой қишлоғида туғилган. У «Нур Строй Монтаж» компаниясини бошқарган.

2021 йили №21 Талас сайлов округидан Жогорку Кенеш депутатлигига номзодини қўйиб, сайловдан ўтмай қолган.

У 2014 йиллари собиқ премьер-министр Жоомарт Оторбаевнинг ижтимоий маслаҳатчиси, Архитектура ва қурилиш давлат агентлиги директорининг ўринбосари ва Бишкек вице-мэрининг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган.

Абдикадиров 2020 йили Отбошида қурилади дейилган савдо-логистик марказга инвестор бўлишини айтган хитойлик тадбиркор Лю Иннинг Қирғизистондаги ҳамкори экани маълум бўлган. Логистик марказ маҳаллий турғунларнинг қаршилиги сабаб қурилмаган.

У Бишкек мэри бўлиб ишлаганда Жогорку Кенешнинг 66 депутати президентга уни ишдан бўшатишни таклиф қилган. уларнинг айтишича, бунга «шаҳар раҳбари тутун билан курашишда ва шаҳардаги бошқа масалаларни ҳал қилишда етарли чора кўрмаётгани» сабаб бўлган.