Қирғизистонда фаолият юритаётган ягона лоу-костер «Пегасус Азия» авиакомпанияси Бишкек ва Ўш ўртасидаги парвозни йўлга қўйди. Компания таклиф қилаётган чипталар баҳоси ўзга ширкатлар нархидан икки баробарга арзон.
Қирғизистоннинг икки йирик шаҳарлари орасидаги «Пегасус Азия»нинг биринчи парвози 20 декабр куни ўтди.
Мазкур йўналиш бўйича бир тарафга чиптани туроператорлардан 1000 сомга сотиб олиш мумкин. Бу нарх компаниянинг Қирғизистон бозорида ишлаётган рақобатчилари таклиф қилаётган нархлардан икки баробарга арзон.
Агар чипталар Пегасуснинг расмий сайтидан сотиб олинса, бир тарафга 500 сомдан бошланувчи чиптани ҳам топиш мумкин.
Туркиянинг «Пегасус» компанияси шўъбаси ҳисобланувчи «Пегасус Азия» арзон авиақатновларни йўлга қўйиб келади — компания йўловчиларни ташишда максимал даражада тежаш орқали арзон баҳода парвозларни амалга оширади.
Бу «Пегасус Азия»нинг Қирғизистонда йўлга қўйган биринчи парвози эмас — жорий йилнинг март ойидан бошлаб унинг учоқлари Бишкек ва Истамбул орасида уча бошлаб, ўзининг арзон чипталари орқали «Турк ҳаво йўллари»га катта рақобатни туғдирганди.
Kloop.kg мухбири билан суҳбатлашган авиакомпания вакилига кўра, Бишкек ва Ўш ўртасидаги арзон чипталар реклама эмаслигини ва у узоқ вақт шу нархларда қолишини билдирди.
«Бизнинг бизнес моделимиз шундай», — деди у.
Мазкур рейсларнинг йўлга қўйилиши нафақат бошқа авиаширкатларга, балки 1500 сомдан Ўш ва Бишкек орасида қатновчи таксиларга ҳам талофат етказиши мумкин.