Депутат Атазов ва криминал «Женго»нинг суҳбати тарқалди

367

Жогорку Кенеш депутати Шайлообек Атазов билан «Женго» лақабли криминал Кадир Досоновга тегишли дейилган суҳбатнинг аудиоси тарқади. Уни 3 ноябрда президент матбуот котибининг собиқ етакчиси Нургази Анаркулов фейсбук саҳифасига жойлади.

Аудиода ўзини «мен Кадир аканг, Женго» деб таништирган одам «Шайлоо» деган одамга қўнғироқ қилиб, иккиси ҳол-аҳвол сўрашган.

Кейин «Женго» суҳбатдошидан «уюшган жиноий гуруҳ ҳақидаги масалани кўтармасликни ва милиция ишламаяпти деб айтмасликни» сўраган. Суҳбатдоши унга «тушундим ака» деб жавоб берган.

Видеони жойлаган Анаркулов «Атазов чиройли гапиришини» ёзиб, депутатнинг «уюшган жиноятчилик билан алоқаси борлигини яшириш учун уларга қарши сўзлаётганини» айтган.

«Мана, қуйида "Женго" билан суҳбат — Атазовни УЖГ билан алоқаси борлигининг исботи. Депутатлар қанча безилламасин, тозалаш бўлиши керак. Парламентда охирги бандит йўқ бўлганда ривожланиш бўлади. Атазовга ҳам чора кўрилиши керак», — деб ёзди Анаркулов.

Бу аудио бўйича Атазовдан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Кеча 3 ноябрда Атазов парламент сайловида унга тарафдор бўлган одамлар «вақтинча сақлаш жойида қийноққа олиниб, бедарак бўлаётганини» айтган.

«Бир неча кундан бери икки йил олдин бўлган Свердлов тумани бўйича сайлов вақтида менга тарафдор бўлган одамларни вақтинча сақлаш жойига олиб кириб, 3-4 соат ушлаб қийнашмоқда. Менга айтилган маълумот бўйича сайлов вақтида “[Райимбек] Матраимов пул берган деб ёзинглар” дейишибди. Ота-оналари йиғлаб келишди. Улар нима бўлишди хабар йўқ деб», — деган халқ вакили.

Шунингдек, у президент Садир Жапаров билан МХДҚ раиси Камчибек Ташиевга мурожаат қилиб, «сизларга маълумот етказган гуруҳлар маълумотни ўзгартирмоқда, ҳақиқатни айтишга имкон беринглар» деб сўраган.