Олабуқа: Ўқувчиларни қўлига игна сайган ўқитувчи ишдан олинди

296

Жалолобод вилоятининг Олабуқа туманига қарашли Оққўрғон қишлоғидаги №40 Чингиз Айтматов номидаги мактабда ўқувчиларни қўлига игна сайган ўқитувчи ишдан олинди. Бу ҳақда 3 октябрда Таълим вазирлигининг матбуот котиби Гулмира Умоталиева хабар қилди.

Бунга қадар ижтимоий тармоққа мазкур мактабнинг ўқитувчиси 5-синфнинг уч ўқувчисини қўлига игна сайгани ҳақида маълумот тарқалган. Унда бир ўқувчининг қўлига 17 марта игна сайилгани айтилган.

Таълим вазирлиги 24 октябрда содир бўлганини таъкидлаб, бу бўйича суриштирув ишларини олиб борилаётганини билдирган. Муассасанинг маълумотига кўра, қирғиз тили ва адабиёти ўқитувчиси ўқувчилар вазифа қилмагани учун шундай қадамга борган.

Вазирликдан ўқувчиларнинг ҳуқуқи доимо ҳимоя қилинишини, болаларга зўравонлик кўрсатишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқлигини таъкидлашди.

Ўтган йили Ўш шаҳридаги №4 Киров мактабининг ўқитувчиси 1-синф ўқувчиларини ҳақорат қилгани ҳақида маълумот тарқалган. У ўқувчиларни «мол, аҳмоқ, лаёқатсиз, ақлсиз саёқлар» деб уришиб, биттасини юзига тарсаки туширган.

Бу жамоатчилик орасида қизғин муҳокама қилинган ва ўқитувчи кўп ўтмай ўзи ёзган аризаси асосида ишдан кетган.

Аммо бу йил у муаллим яна ўша мактабга қайта ишга олингани маълум бўлди. Ўқувчининг онаси бўлса, шаҳардаги мактаблар болани «қора рўйхатга киргансизлар» деган баҳона билан қабул қилмаётганини айтиб чиқди.