31 октябрда Боткен вилоят Йўл патруль хизмати Қадамжой туманида пиёдани машинасида уриб, ўлдириб сўнгра қочиб кетган 23 ёшли турғун қўлга олинганини билдирди.
Воқеа 29 октябрга ўтар кечаси соат 00:50 да Қадамжойнинг Орозбеков қишлоғида содир бўлган. Гумондор Абдусамат қишлоғининг 40 ёшли турғунини машинаси билан уриб кетгани сабабли жабрланувчи воқеа жойида вафот этган.
Милиция суриштирув натижасида Қадамжойнинг Исхак-Полотхан қишлоғининг 23 ёшли турғунини жиноятда гумон қилиб қўлга олди. Уйидан яшириб қўйди дейилган Daewoo Nexia русумидаги машина топилди. Ҳозирда тергов ишлари давом этмоқда.
Жорий йилнинг сентябрида, Ўшда 1-синф ўқувчисини машина уриб кетиб, у шифохонада вафот этган. Жиноятда гумонланувчи сифатида Қорасув туманидаги хусусий тиббиёт муассасанинг бош шифокори қўлга олинган. Бироқ бир ойдан сўнг бу билан боғлиқ иш қисқартирилган.