Жапаров Россия билан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини тузиш бўйича келишувни ратификация қилди

328

Президент Садир Жапаров Қирғизистон ва Россия ўртасида қўшма минтақавий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини яратиш ҳақидаги келишувни ратификация қилди. Бу ҳақда 12 октябрда мамлакат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Ҳаво ҳужумига қарши мудофаанинг қўшма минтақавий тизимини яратиш, «икки давлат ҳаво ҳудудини ишончли ҳимоя қилиш имконини бериши» таъкидланади.

«Бу миллий манфаатлар хавфсизлиги ва ҳимоясини ҳам оширади. Ушбу шартноманинг ратификация қилиниши, Қирғизистоннинг Россия билан стратегик муносабатларни мустаҳкамлаш истагини тасдиқлайди ҳамда икки давлат ўртасидаги мудофаа ва хавфсизлик соҳасида бундан кейинги ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади», — дейилади хабарда.

Жогорку Кенеш ушбу келишувни 11 октябрда ратификация қилган. Шартнома шартларига кўра, қўшма минтақавий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини яратиш мақсадида Қантдаги Россия авиабазаси ёнидан шартноманинг амал қилиш муддати давомида 5 гектар ер майдони берилади.

Бош саҳифадаги иллюстратив сурат.