Жалолобод шаҳридаги Brosco ресто-барида пичоқланган одам унга ҳужум қилган гумондорлар уй қамоғига чиққанини айтди. Унинг президент Садир Жапаровга мурожаати 6 октябрда ижтимоий тармоқларда эълон қилинди.
Пичоқланган жабрланувчи ҳозирда ҳасса билан юришини айтиб, ногирон бўлиб қолганини билдирган.
«Байишов деган суд мени пичоқлаган болаларни “майда безорилик” деб уй қамоғига чиқариб қўйди. Ҳақиқат қаерда қолди, қаерга борайлик?» — деди у.
Шаҳар суди нима дейди?
Жалолобод шаҳар судидан «Клооп»га жабрланувчининг сўзларини инкор қилиб, «Одам ўлдиришга уруниш» моддаси билан айбланган гумондор 7-ноябргача қамоққа олинганини билдиришди.
«Шу иш бўйича “Безорилик” моддаси билан айбланган иккинчи айбдор 5 октябрда шаҳар милицияси терговчисининг илтимоси қисман қаноатлантирилиб, 18 ноябргача уй қамоғига чиқарилган», — дейишди шаҳар судидан.
Жалолобод шаҳрида 35 ёшли турғун Brosco ресто-бари олдида нотаниш 18-20 ёшлардаги йигитдан саккиз марта пичоқ еб, касалхонага тушгани ҳақида 7 сентябрда маълум қилинган.
Бу иш бўйича шаҳар милицияси «Одам ўлдиришга уруниш» моддаси билан иш қўзғаб, суд-тиббий экспертиза тайинлаган. Гумондор қатори Сузоқ туманининг Тошбулоқ қишлоғининг 19 ёшли турғуни қўлга олинган.
Ижтимоий тармоқда жиноят содир этилган дам олиш жойи МХДҚ раиси Қамчибек Ташиевнинг ўғли Таймурас Ташиевга тегишли экани айтилган.