Президент Садир Жапаров Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсаловга ва маданият вазири Алтинбек Максутовга «меҳнат мажбуриятларини етарли даражада бажармагани учун» огоҳлантириш берди. Бу ҳақда 27 сентябрда президент администрация билдирди.
Маълумотга кўра, амалдорлар Сербиядан Қирғизистонга қайтиб келган кураш бўйича жаҳон чемпионатининг ғолибларини «Манас» халқаро аэропортида кутиб олишни етарли даражада ташкил қилмагани учун огоҳлантириш олди.
Кураш бўйича Сербияда ўтган Жаҳон чемпионати 24 сентябрда якунланиб, Қирғизистон терма жамоаси умумий жамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллаган. Қирғиз полвонлари миллий терма жамоа ҳисобига уч олтин, бир кумуш ва бир бронза медаль олиб келишган.
Бундан ташқари, қирғиз жамоаси 2024 йили Парижда бўладиган Олимпиада ўйинларига беш йўлланма олди. Йўлланмани полвонлар Айсулуу Тинибекова, Акжол Махмудов, Жоламан Шаршенбеков, Айпери Медет қизи ва ғаввос Денис Петрашов қўлга киритган.
Парламентнинг 22 июндаги йиғинида депутатлар Байсаловни ишдан бўшатиш таклифини президентга юбориш бўйича қарор қабул қилган. «Ишеним» фракциясининг лидери Улукбек Ормонов «Байсаловнинг билдирувлари Жогорку Кенешнинг ор-номусига ва обрўсига путур етказди» деб тушунтирган.
Кейин президент Садир Жапаров Байсаловга «учинчи даражадаги давлат маслаҳатчиси» унвонини топширган. Унга янги унвон давлат ва муниципал ходимлар кунида топширилган.
Кейинчалик Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Эдил Байсалов Жогорку Кенешнинг 13 сентябрдаги йиғинида парламент раиси билан депутатлардан расмий кечирим сўраган.