Қирғиз полвони Тайирбек Жумашбек ўғли Сербияда бўлаётган кураш бўйича жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритди. Бу ҳақда 17 сентябрда Қирғизистоннинг кураш бўйича федерацияси билдирди.
View this post on Instagram
Эркин кураш бўйича полвон 61 килограмм оғирликда куч синашиб, дастлабки учрашувда озарбайжонлик спортчини, кейин туркиялик спортчини мағлуб қилди.
Ярим финалда АҚШлик рақибига мағлуб бўлиб, бронза медаль учун бўлган беллашувда япониялик спортчини ортда қолдирди.
Жумашбек ўғлининг медали бу сафарги жаҳон чемпионатидаги қирғиз терма жамоасининг илк соврини. Олдинда яна эркин, грек-рим, аёллар кураши бўйича учрашувлар ўтказилади.
Тайирбек Жумашбек ўғли — Осиё чемпиони, ёшлар орасидаги жаҳон чемпиони, Жаҳон кубогининг бронза медали соҳиби ва бир неча рейтинг мусобақаларининг ғолиби.
Бу жаҳон биринчилиги 16-24 сентябрь кунлари Сербиянинг Белград шаҳрида ўтказилмоқда. Мазкур мусобақа 2024 йили Парижда бўладиган ёзги Олимпиада ўйинларига саралаш мусобақа бўлиб ҳисобланади.