Ташиевнинг баёнотидан кейин қирғиз элчиси Тожикистоннинг ТИВига чақирилди

221

МХДҚ раиси Камчибек Ташиевнинг чегара ҳақида айтган сўзидан кейин Тожикистоннинг ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистоннинг элчиси Эрлан Абдилдаевни учрашувга чақирди. Бу ҳақда 16-сентябрда қўшни давлатнинг вазирлиги маълум қилди.

Бунгача Ташиев «Тожикистон айрим чегара даъволаридан бош тортмаса, Қирғизистон тарихий ҳужжатлар асосида ҳуқуқий жиҳатдан қўшни давлатга даъво қўйишини» айтган эди. 

Учрашувда «Қирғизистон давлатининг юқори лавозимдаги вакилини қирғиз-тожик чегара масаласи бўйича айтганлари тожик томонни безовта қилгани» айтилган. 

«Бу каби изоҳлар тожик-қирғиз чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича музокараларда, шунингдек ўзаро ишонч муносабатларига жиддий зарар келтириши мумкин», — дейилади тожик томоннинг маълумотида. 

Учрашув ҳақида Қирғизистоннинг Ташқи ишлар вазирлиги билан Тожикистондаги элчилигидан маълумот олишни имкони бўлмади. 

15-сентябрда Ташиев қирғиз-тожик чегараси бўйича янги ҳужжатлар топилганини айтиб, «шу тарихий ҳужжатлар асосида чегарани аниқласа бўлишини» билдирган.

Қирғиз-тожик чегара масаласи 

Қирғиз-тожик чегарасининг узунлиги 972 чақримни ташкил қилади. Ундан 604 чақирими аниқланган. Аниқланмаган ерлар сабаб Тожикистонга чегарадош ҳудудларда — Баткен, Ўш вилоятларида тез-тез жанжал чиқади. 

2021 ва 2022 йили қирғиз-тожик чегарасида чиққан катта жанжалдан бери Бишкек билан Душанбенинг муносабатлари совуқлигича қолмоқда. Икки давлатнинг чегараси 2021 йилнинг апрелидан бери ёпиқ туради. 

Ўтган йили бўлган қуролли можарода 63 қирғизистонлик ҳалок бўлиб, 206 киши жароҳатланган. Тожик ҳукумати эса жанжалда 41 одам ўлиб, 20дан ортиқ киши жабрланганини таъкидлаган. Аммо «Озоди Радиоси» («Озодлик»нинг тожик хизмати) ўз манбаларига таяниб 83 одам ҳалок бўлганини ёзган.