Талантбек Иманов Инвестициялар бўйича миллий агентликнинг директори бўлиб тайинланди

164

Президент Садир Жапаров рақамлаштиришни ривожлантириш вазири Талантбек Имановни Инвестициялар бўйича миллий агентликнинг директори этиб тайинлади. Бу ҳақда президентнинг матбуот хизмати 7 сентябрда билдирди.

Имановнинг ўрнига рақамлаштиришни ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи бўлиб бунгача Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш давлат агентлигининг директори бўлиб ишлаган Нурия Кутнаева тайинланди. Кутнаеванинг ўрнига Алмамбет Касимбеков тасдиқланди.

Талантбек Иманов рақамлаштиришни ривожлантириш вазирлигига 2022 йилнинг январида келган. Унинг бу тармоқда тажрибаси йўқ бўлиб, лавозимга тайинланиши тортишувга сабаб бўлган.

Бундан ташқари, ОАВда Иманов билан Қирғизистоннинг энергетика тармоғидаги «Ширшовнинг коррупция схемалари» деб танилган «Дастан» трансмиллий корпорациясининг собиқ раиси Алексей Ширшовнинг алоқалари ҳақида ҳам батафсил айтилган.

Иманов 2010 йилнинг 7 апрелигача «Дастан» компаниясида қўриқчи бўлган, кейин Алексей Ширшовнинг ҳайдовчиси бўлган.

2010 йилдаги инқилобдан кейин Иманов «Газпром Нефть Азия» МЧЖ, «Дастан» заводининг филиал компанияси «Улан» ва «Полигон» ЖАКда бошқарувчи лавозимларида ишлаган. Иманов 2020 йилнинг март ойидан бошлаб «Дастан» заводининг раиси бўлган.