Қирғизистоннинг Вазирлар Маҳкамаси билан Хитойнинг Шинжон уйғур автоном туманининг (СУАР) ҳукумати ҳамкорлик борасида бир неча ҳужжатларни имзолашди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг матбуот хизмати билдирди.
Вазирлар Маҳкамасининг раиси Акилбек Жапаров бошчилигидаги қирғиз делегацияси Хитойнинг Шинжон уйғур автоном туманига 16 авгусда келган. Учрашув якунида томонлар «Бедел» ўтказиш пункти орқали ўтган Барскоон — Учтурфан — Ак-Суу автойўлини қуриш бўйича меморандумга қўл қўйишди.
Иссиқкўл вилояти билан Шинжон уйғур автоном тумани ўртасидан ўтган Бедел довонида навбатдаги назорат ўтказиш пунктини қуриш бўйича давлатлар президент Садир Жапаровнинг Хитойга бўлган сафари давомида келишган. Унда томонлар Хитойдан Қирғизистонга олиб борувчи йўлни ҳам биргаликда қуришга келишган.
Қирғиз делегацияси билан СУАР ҳукуматининг учрашувида томонлар бир неча ҳужжатларни имзолашди:
- Қирғизистоннинг Вазирлар Маҳкамаси билан СУАР ҳукумати ўртасида электр энергиясини етказиш мақсадида энергетика инфраструктурасини туташтириш бўйича режалар ҳақидаги меморандум;
- Қирғизистоннинг Вазирлар Маҳкамаси билан СУАР ҳукумати ўртасида транс чегара савдо-сотиқни ривожлантириш ва тезлатилган почтани тарғиб қилишни фаоллаштириш учун икки давлатнинг почта хизматлари ҳамкорлигини кенгайтириш ҳақидаги келишув;
- Қирғизистоннинг Вазирлар Маҳкамаси билан СУАР ҳукумати ўртасида Қирғизистон фуқароларига СУАРнинг олийгоҳларида билим олиши учун 25 стипендиа ўрнини бериш ҳақидаги келишим;
- Қирғизистоннинг Энергетика вазирлиги билан ТВЕА ўртасида Сари-Жаз каскадини қуриш режаси ҳақидаги меморандум;
- Қирғизистоннинг Энергетика вазирлиги билан TBEA ўртасида 500 кВ «Кемин-Торугарт» электр бериш линиясини қуриш бўйича ҳамкорлик ҳақидаги меморандум лойиҳаси.
«Вазирлар Маҳкамаси раиси қирғиз томоннинг Қирғизистонда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга тайёрлигини айтиб, “Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон” темир йўлининг қурилишини таъкидлади. Томонлар “Эркечтам” ва “Торугарт” ўтказиш пунктларини модернизациялаш масаласига алоҳида эътибор беришди. Бу борада Вазирлар Маҳкамаси раиси икки ўтказиш бекатининг ишини оптималлаштириш, уларнинг ўтказиш имкониятларини кенгайтириш, йўлни реконструкция қилиш ва кенгайтириш, ҳайдовчилик визаларини бериш зарурлигини таъкидлади», — деб билдиришди Вазирлар Маҳкамасининг матбуот хизматидан.
Ўз навбатида ХХРнинг СУАР Компартияси партиявий қўмитасининг котиби Ма Синжуй Қирғизистон «Хитойнинг иноқ дўст қўшниси эканини» таъкидлаб, Хитой «энергетика, яшил иқтисод, почта алоқаси, электрон тижорат тармоғида ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини» билдирди.
«Биз Қирғизистондан СУАРга маҳсулот олиб келишдан ҳам манфаатдормиз ва иқтисодий ҳамда гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга йўналтирилган лойиҳаларни қўллашга тайёрмиз. Шунингдек, давлатларимиз ўртасидаги авиарейслар сонини кўпайтириш зарур», — деди Ма Синжуй.