Ўш вилоятидаги «Ынтымак» жамоат-ҳудудий телерадиокомпанияси Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлигидан МТРКнинг қарамоғига ўтказиб берилди. Маълумотни «Клооп»га 28 июлда президентнинг ахборот сиёсати бўлими етакчиси Дайирбек Орунбеков тасдиқлади.
Қарорни 24 июлда Вазирлар Маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров имзолаган. Унга кўра, вилоятдаги телеканалнинг штати, молиявий ва моддий-техник воситалари МТРКга берилди.
Бунга қадар ҳукумат «Ынтымак» телеканалини ёпишни кўзлаётгани ҳақида депутат Тазабек Икрамов айтиб чиққан. У телеканал етакчисиз қолганини ва ходимларга икки ойдан бери маош берилмаётганини таъкидлаган.
Ўтган йили эса президент вилоятлардаги барча телеканалларни МТРКга ўтказиб берган. Унда телеканал ходимларининг ойлик маошларини оширишга ва техникаларни янгилашга маблағ ажратилиши айтилган.
«Ынтымак» телеканали 2010 йилдаги Июнь воқеасидан бир йил ўтгандан сўнг ҳукумат қарори билан миллатлараро тотувликни ва бирдамликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган.
Қирғиз, ўзбек ва рус тилларида эфирга узатиладиган вилоят телеканали дастлаб радиожурнал бўлиб чиққан, йил охирида телеканал сифатида фаолият юрита бошлаган.