2021 йилнинг апрелидаги ва 2022 йилнинг сентябридаги Боткен, Ўш вилоятларидаги чегара жанжалида ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва жабрланганлар ижтимоий ҳимояга олинади. Тегишли қарорга президент Садир Жапаров 20 июлда қўл қўйди.
Қонун қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли тўқнашувда қурбон бўлганларнинг оиласига ва жабрланганларга давлат ёрдамини таъминлаш мақсадида қабул қилингани айтилган.
Унга кўра, жанжалда вафот этганларнинг болаларига ва ота-онасига, жабрланган, ногирон деб кўрсатилганларга белгиланган ижтимоий тўловларга қўшимча ҳар ойда ёрдам пул берилади. Унинг миқдорини Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.
Жанжалда вафот этганларнинг яқинларига кўрсатилган ижтимоий кафолатлар:
- Давлат соғломлаштириш лагерларига, муассасаларга навбатсиз ва бепул қабул қилиш;
- Бошланғич, ўрта ва олий касб-ҳунар таълими ташкилотларининг бюджет бўлимларига квота бериш;
- 18 ёшгача болалар учун бепул тиббий кўрикдан ўтказиш ва тиббий ёрдам кўрсатиш;
- Хусусий турар-жой қурмоқчи бўлганлар учун бир марта ер участкасини биринчи навбатда бериш;
Жанжалда жабрлаганлар учун ижтимоий кафолатлар:
- Тиббий хизмат ва дори-дармон билан таъминлашга имтиёзлар бериш;
- Биринчи даражадаги даволаш-профилактика ташкилотларида имтиёзли хизмат кўрсатиш ва стационарларга навбатсиз ётқизиш;
- Тиббий хулосаларга кўра протез-ортопедик буюмлар билан бепул таъминлаш;
- Сиҳатгоҳларга, профилакторияларга ва дам олиш масканларига ишлаган жойи бўйича йўлланма орқали таъминлаш имтиёзи;
- Ҳарбий хизмат ўташдан озод қилиш;
- Хусусий уй қураман деганларга бир марта ер учаскасини биринчи навбатда бериш;
- Хашак йиғиш учун участкаларни ва ҳайвонлар учун яйловларни биринчи навбатда бериш;
- Улар яшаган уйларини хусусий мулкка бепул ўтказиб бериш;
- Кексалар ва ногиронлар учун ётоқ уйларига навбатсиз қабул қилиш ва хизмат кўрсатиш.
Қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли можаро
2021 йили 28-апрелда қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли тўқнашувда 36 қирғизистонлик қурбон бўлиб, 170дан ортиқ турғун жароҳатланган. Бир қанча уйлар, ижтимоий объектлар яроқсиз ҳолга келган. Тожикистон 19 фуқароси ҳалок бўлганини маълум қилган.
Қуролли тўқнашув 2022 йилнинг 14-17 сентябрида ҳам такрорланиб, отишув давлат чегарасининг барча периметрида бўлган. Қирғизистондан 63 киши қурбон бўлиб, 206 одам жабрланган.
Тожикистон ҳукумати можарода 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланганини маълум қилган. Аммо «Озоди радиоси» ўз шахсий манбаларига таяниб, ҳалок бўлганлар сони 83 нафарни ташкил қилганини ёзган.