Қирғизистонда қимор ўйнатилган 45дан ошиқ бинар опцион ёпилиб, жиноий иш қўзғалди

147

Бишкек шаҳрида ва Чуй, Ўш, Жалолобод вилоятларида қимор ўйинлари ўйналган 45дан ортиқ бинар опцион ёпилиб, жиноят иши қўзғалди. Бу ҳақда 14 июлда Ички ишлар вазирлиги билдирди.

Маълумотга кўра, мазкур ўйин жойларида интернет орқали виртуал пуллик ўйинлар ва бошқа турли қимор ўйинлари ташкил қилинган.

Сурат: ИИВ
Сурат: ИИВ

Бу факт бўйича «Жиноий йўл билан олинган даромадларни қонунийлаштириш» моддаси асосида жиноий иш қўзғалган.

Шу асосида муассасаларда тинтув ишлари олиб борилиб, ходимлар ва мижозлар сўроқ қилинган. Шунингдек, компьютер техникалар ўтказиб олинган.

Ҳозирда тергов ишлари давом этмоқда.

10 июлда ижтимоий тармоқларда Ўш шаҳрининг турғунлари «Ринго Трейд» молиявий брокерида «қимор ўйинлари ўйнаб», пулларини ютқазаётганлар ҳақида видео тарқаган.

Видеодаги овоз «қиморхонада» фақат қирғизистонликлар ўтирганини айтса, бу ерда юзини яшириб ўтирганлардан бири 10 минг доллар, иккинчиси 130 минг сом ютқазганини билдирган.

Аввалроқ Қорасув туманининг турғунлари «Ринго Трейд» молиявий брокерини қимор ўйнатишда айблаб, ёпишни талаб қилишган. Турғунларнинг бири милицияга ариза билан мурожаат қилиб, мазкур бинога кирган ҳар бир турғун катта миқдорда пул ютқазишини» айтган.

Президент Садир Жапаров 2022 йилнинг 30 июнида Қирғизистонда казино фаолиятига рухсат берган қонун имзоланган. Бунгача парламентда қонунни қабул қилиш можаро билан ўтиб, ўлканинг бир қанча шаҳарларида қиморхона очишга қарши митинглар ўтган.

Казино фаолиятига рухсат берилгандан бери илк казино очишга лицензия шу йилнинг 2 майида топширилган. «Гранд Казино» деб аталган қиморхонага президентнинг дўсти ва ҳомийси Арзибек Буркановнинг ўғли Азат асосчи бўлиб қўшилган.