Вазирлар Маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров билан МХДҚ бошчиси Камчибек Ташиев Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманида МХДҚга қарашли «Ак илбирс» болалар соғломлаштириш ва дам олиш марказини очишди. Бу ҳақда 13 июлда Вазирлар Маҳкамасининг матбуот хизмати билдирди.
Комплекс икки ой ичида қурилгани маълум қилинди. Марказнинг 120 кишилик ётоқхонаси, кутубхонаси, 100 ўринли кинотеатри, машғулот зали, кичик футбол майдончаси, спорт майдончалари, икки бассейни ва ошхонаси бор.
«Ҳар бир вилоятда болалар учун ёзги дам олиш масканларини очиш керак. Болалар оромгоҳлари болаларни тартибга, соғлом юришга ўргатади, мактаб таътили вақтида режимни йўлга қўйишга ёрдам беради», — деди Жапаров. Сўнгра «Киргизнефтегаз»га қарашли «Зорька» болалар оромгоҳини бориб кўрди.
Бу миллий хавфсизлик органларининг ходимлари учун қурилган биринчи бино эмас.
29 июнда президент Садир Жапаров Иссиқкўлда МХДҚга қарашли «Айкол» болалар соғломлаштириш марказининг очилишига қатнашган. Марказ 240 болага мослаштирилган.
Ўтган йили сентябрнинг бошида МХДҚнинг раиси Камчибек Ташиев республика бўйича Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 50га яқин янги биноси қурилганини айтган. Аммо ундан бери ҳукумат МХДҚ билан чегара хизматига бошқа бир қанча объектларни очган.