Қирғизистонга 120 нафар турк шифокори келди, улар буйрак ва бошқа ички органларни кўчириб ўтказиш бўйича операцияларни ўтказишади. Бу ҳақда 12 июлда президент маъмуриятининг ахборот сиёсати хизмати раҳбари Дайирбек Орунбеков билдирди.
Унинг айтишича, қирғизистонликлар ички аъзоларини алмаштириш операцияси учун хорижда катта маблағ сарфлашга мажбур бўлаётгани, президент Садир Жапаровни анчадан бери ташвишга солаётган эди.
Орунбеков давлат раҳбари ички органларни алмаштириш бўйича операцияларни Қирғизистонда амалга оширишни йўлга қўйиш учун музокаралар олиб борганини билдирди.
«Буйрак ва бошқа ички органларни алмаштириш операциялари давлат қирғиз-турк “Достук” клиникасида ўтказилади. Тегишли замонавий лабораториялари тайёрланмоқда. Шу йилнинг август ойида Қирғизистонда биринчи марта буйрак кўчириб ўтказиш операцияси амалга оширилади. Масалан, Беларусда буйрак кўчириб ўтказиш операциясининг нархи 65 минг, Туркияда 25 минг долларга баҳоланса, Бишкекда тахминан 7 минг доллар атрофида бўлади», — деди Орунбеков.
У туркиялик шифокорлар қирғизистонлик ҳамкасблари келажакда бундай операцияларни мустақил равишда амалга оширишни бошлашлари учун ўз тажрибалари билан ўртоқлашишини қўшимча қилди.
Жигар, буйрак ва бошқа ички аъзоларнинг алмаштиришга муҳтож қирғизистонликлар одатда жарроҳлик амалиёти учун хорижий давлатларга бориб келишади. Кўпинча Туркия ёки Ҳиндистонга борадилар. Охирги маълумотларга кўра, Қирғизистонда ички аъзоларидан бири алмаштирилган 700 киши истиқомат қилади, улардан атиги 50 нафари Қирғизистонда операция қилинган.
2018 йилнинг май ойида қирғизистонлик шифокорлар биринчи марта буйрак кўчириб ўтказиш операциясини мустақил равишда амалга оширишган. Унгача бундай операциялар хорижлик шифокорлар иштирокида ўтказилган.
Биринчи саҳифадаги сурат: Саво Превелич / RFE/R.