Энергетика вазирининг ўринбосари Мирлан Жакипбеков ва «Қирғизкўмир» ишхонасининг тижорий директори «коррупция жиноятига алоқаси бор» деган гумон билан қўлга олинди. Бу ҳақда 19-июнда МХДҚдан билдиришди.
Гумондорлар Бишкек иссиқлик электр марказига (ИЭМ) йўналтирилган «нархи миллион сомлик кўмирни ўғирлаш» факти бўйича қўзғалган жиноят иши асосида қўлга тушди.
Маълумотга кўра, 2021-2023 йиллар орасида «кўмир мафияси» томонидан Кара-Кечедан Бишкек ИЖМга кўмир ташишда 15 970 тоннага яқин ўғирлангани аниқланди. Унинг нархи 40 миллион сомдан ошади.
«Натижада пойтахтдаги ИЭМнинг иши тўхтаб, давлат бюджетига катта миқдорда зарар келтирилган. Гумондорлар коррупция жиноятига аралашгани учун қўлга олинди», — деб таъкидлашди махсус хизматдан.
«Қирғизкўмир»даги коррупция
Бунгача «Қирғизкўмир» ишхонасининг Балиқчи филиалида кўмир ўғирлаш бўйича доимий коррупция схемаси аниқланган. МХДҚ «Лавозим ваколатидан фойдаланиш» моддаси билан иш қўзғаб, филиал директорининг ўринбосари қўлга олган.
Ўтган йилнинг июлида бош прокуратура «Қирғизкўмир» ишхонасининг раҳбарияти давлатга 127 миллион сомдан ортиқ зарар келтирганини аниқлаган.
Ишхона раҳбарлари ва масъул ходимлар Кара-Кечедан Балиқчига 200 минг тонна кўмир етказишда компаниялар билан эски қиммат нархда шартнома тузгани айтилган.
Бу бўйича «Лавозим ваколатидан фойдаланиш» ва «Билиб туриб фойдасиз шартнома тузиш» моддаси билан жиноят иши қўзғаб, тергов қилинган.