Президент «погонли жиноятчилар» ҳамда коррупционерларни — ватан хоинлари деб атади

130

Президент Садир Жапаров 13-июнда хавфсизлик кенгашининг йиғинида барча давлат хизматчиларига, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига ва куч тизимларининг ходимларига мурожаат қилди. У пора талаб қилиб, коррупция билан шуғулланиб ёки бошқа жиноятларга қўл ураётганлар билан кураш давом этишини таъкидлади.

Давлат раҳбари куч тизимлари ва ҳуқуқ идораларининг шахсий таркиби орасида «погонли жиноятчилар» борлигини эсга солди.

«Бундайлар аниқланиб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғалиб, қамоққа олинмоқда. Бундай кўриниш фақат ҳарбий ходимлар орасида эмас, ички ишлар органи ходимлари, судларнинг, прокуратура, миллий хавфсизлик, божхона ва бошқа органлар ходимлари орасида ҳам олиб борилаётганини таъкидламоқчиман. Қонун бузган ёки пора талаб қилган ким бўлмасин улар миллий хавфсизлигимизга путур етказиб, ҳимоя салоҳиятимизга зарба берган бўлиб ҳисобланади. Уларни биз кечирмаймиз. Улар давлатнинг юкини бутун вужуди билан ҳис қилиши керак. Ҳарбий хизматчими ёки амалдорми, ҳуқуқ ҳимоячиси, махсус хизматнинг ходими бўладими, бизнинг ҳимоямизга путур етказса, энг оғир жазога тортилади. Яна бир бор такрорлайман, бундай ватан хоинларига ҳеч қандай шафқат йўқ», — деди Жапаров.

Президентнинг айтишича, давлатнинг мулки, ғазнаси ва маблағи 33 йилдан бери турли йўллар билан ўғирланиб келган, шу сабаб давлат ривожланмайдиган ҳолга келган.

«Энди бунга йўл қўймасликка бор кучимизни сарфлаймиз. Энди ўзлаштирилган пулни икки ҳисса эмас, 5-10 ҳисса қайтаришга қонуний йўлларни топамиз ёки янги қонунларни қабул қиламиз, биз шу йўлни танлаймиз», — деди у.

Ҳукумат ўлкадаги коррупцияни касаллик деб атаб, у билан курашиш босқичма-босқич давом этаётганини кўп айтади.

Йил бошида коррупция даражасини текширган Transparency International ташкилоти 2022 йилда Коррупция бўйича йиллик ҳисоботни эълон қилган, Қирғизистон рейтингда 2021 йилдаги каби 185 давлат орасида 140-ўринни эгаллаган. Давлат охирги ўринга қанча яқин бўлса, коррупция даражаси шунча юқори дегани.

Ташкилотдагилар «давлат секинлик билан авторитаризм томон кетаётганини» ва «натижада мувозанат тизими заифлашиб, ҳукумати учун чиранганларни жазосиз қолиш ва хиёнати учун имкониятлар анча кенгаймоқда» деб таъкидлашган.