9 июнь куни Чуй вилояти билан Бишкек шаҳри ҳудудидан “Яқийн-Инкор” диний-экстремистик ҳаракатининг 15 фаол аъзоси қўлга олиниб, милиция бўлимига етказилди. Бу ҳақда 12 июнда МХДҚ билдирди.
Маълумотга кўра, “Экстремистик ташкилот тузиш ва молиялаш” моддаси асосида қўзғалган жиноят иши асосида гумондорларнинг яшаган жойи тинтув қилинган.
“Қидирув ҳаракатлари натижасида экстремистик маънодаги тақиқланган материаллар катта миқдорда топилди. 15 киши милиция бўлимига етказилиб, бошчиси дейилган Г.Ю. исмли фуқаро вақтинча сақлаш жойига киритилди”, — деб ёзилади махсус хизмат тарқатган билдирувда.
Айни дамда тегишли экспертизалар ўтказилиб, жиноятга алоқаси бор одамларни аниқлаш ишлари давом этмоқда.
“Яқийн-инкор”чилар кимлар?
“Яқийн-Инкор” Қирғизистонда “Таблиғ жамоатидан” алоҳида бўлиниб чиққан оқим сифатида айтилади. 2017 йили 15 июнда Бишкекнинг Октябрь туман суди “Яқийн-Инкор” оқимини экстремистик деб топган. Бунга бош прокуратуранинг мурожаати сабаб бўлган.
“Яқийн-инкорчилар” “болалар билан қизларни мактабда алоҳида ўқитиш зарур, телефон, телевизордан фойдаланмаслик керак” деган кўз қарашда бўлиб, соч-соқолини ўстириб, узун кийим кийишади.
Ҳозирда республика бўйича бу оқимнинг қанча тарафдори борлигини кўрсатган аниқ маълумот йўқ. Бу оқим ўлкада экстремистик ташкилот сифатида тақиқлангунга қадар сафини кўпайтиришга эришган. “Яқийн-Инкор” ҳаракатининг аъзолари олдин Иссиқкўл, Чуй вилоятларида кейин эса Норинда пайдо бўлган.
Сўнгги вақтларда бу гуруҳнинг вакиллари Баткен, Ўш ва Жалолобод вилоятларини ҳам айлана бошлаган.
“Яқийн-Инкор” Қирғизистонда тақиқланган ташкилотларнинг рўйхатига киргунча айрим уламолар “инкорчиларни” жамиятга зарари йўқ, аммо замонавий ҳаётни танлагани билан ўзгача одамлар сифатида баҳолашган.
Муаллиф: Айжамал Бексултанова