Вице-мэр Шамиралиев: Бир ойнинг ичида сув билан боғлиқ бўлган муаммо барқарорлашади

127

Бишкекнинг турар-жой коммунал хўжалик масалалари бўйича вице-мэри Жургалбек Шамиралиев шаҳарда сувга боғлиқ вазият бир ойда барқарорлашиб қолишини билдирди. Бу ҳақда у 5 июндаги брифингда айтди.

Вице-мэр Бишкекда, айниқса жанубий қисмидаги «“Бишкексууканал”нинг сув берувчи тармоқларида сувнинг миқдори камайгани» сезилаётганини айтди. Унинг айтишича, Арча-Бешик ва Кўк-Жар участкаларида сув танқислиги кузатилмоқда. Ҳозирда бу ҳудудларда сув график бўйича берилмоқда.

«Бу биринчи навбатда сувга бўлган эҳтиёж ошишига боғлиқ, сабаби ҳар йили ёз фаслида сув танқислиги муаммоси юзага келади. Айрим хусусий уйларда тоза сувни ҳовли ва яшил боғларни суғоришда фойдаланишади. Бу сув эҳтиёжини нормадан ошиб кетишига олиб келади. Ҳозирда бир кишига 500 литр сув кетаётганини кўряпмиз, норма эса 170 литр. Шунингдек, аҳоли, абонентларнинг кўпайгани сезилмоқда. Бунинг бари сув билан таъминлаш тизимига таъсир қилмоқда», — деди у.

Бундан ташқари, Шамиралиевнинг айтишича, об-ҳаво сабаб муаммо бўлиб, Аламудун ва Ала-Арча дарёларида сув камайиб кетяпти. Бироқ вице-мэр сўнгги 3-4 кунда сув тўлдирувчи ҳавзаларга сув кела бошлаганини, кун исиб, музликлар эриши тезлашганини айтди.

Шамиралиев шаҳар ҳукуматида бир неча ишлар режалаштирилганини, агар улар муваффақиятли бажарилса шаҳардаги сувга боғлиқ вазият «бир ой ичида барқарорлашишини» айтди. Бундан ташқари, мэрия участкаларда сувдан беҳуда фойдаланишга йўл берилмаслиги учун рейд ўтказади.

У сувга боғлиқ ҳолат изга тушгандан кейин барча чекловлар бекор қилинишини таъкидлади. Бунгача мэрия сувнинг жуда кўп ишлатувчи ҳаммом, машина ювиш жойлари ва сув ҳавзаларини вақтинча ёпган.

Шунингдек, вице-мэр шаҳар ҳукумати 2-3 ой ичида Арча-Бешик ҳудудидаги ҳар бир уйда сув ўлчовчи мосламалар ўрнатилиб, «ҳар бир уй сувни қанча ишлатса пул тўлай бошлашини» билдирди. бундан ташқари, шаҳар ҳукумати меъёрдан ортиқ ишлатишнинг тариф лойиҳасини ҳам тайёрламоқда.

«Келажакда ҳар бир уй, ҳар бир квартирада ҳисобловчи аппарат ўрнатишни режалаштиряпмиз», — деб қўшимча қилди Шамиралиев.

Бундан ташқари, вице-мэрнинг айтишича, ҳукумат Достоевский кўчасидан бошлаб (Кўк-Жар) Горький кўчасигача (Арча-Бешик) шаҳарнинг 40%ни сув билан таъминлаган Орто-Алиш сув тақсимлаш жойидан босимни камайтириш учун янги сув бўлиштириш жойини қуришни режалаштирмоқда. Шунингдек, янги скважина қуриш учун икки ер майдони бериш имкони ҳам кўриб чиқилмоқда.

«Бу чоралар келаси йил натижа беради. Аҳоли сув билан таъминлаш анча барқарорлашганини сеза бошлайди», — деб қўшимча қилди у.

Бишкекда сув танқис бўлаётган вақтда мэрия фуқароларни тоза сувдан унумли фойдаланишга чақирди. Уларнинг маълумотига кўра, шаҳарда ҳар йили абонентларнинг сони ортиб, ҳозирда уларнинг сони 270,3 мингтага етган, ўтган йилгига нисбатан ўсиш 7%ни ташкил қилган.

Муниципалитет ИЭМ ўчирилган вақтда ичимлик сувидан фойдаланиш анча ортишини таъкидлади. Мэрия сув чекланган ресурс бўлгани учун ундан унумли фойдаланишга чақирди.