«Умрбод ўтирмайман». Камчибек Ташиев вақтим оз қолди деганига изоҳ берди

111

25 майда МХДҚ раиси Камчибек Ташиев «коррупцияга ва оғир жиноятларга қарши курашнинг иккинчи босқичи бошлангинини» ва «вақти жуда оз қолганини» айтган мурожаати бўйича «Регион» телеканалига изоҳ берди.

Унинг айтишича, пост эълон қилгандан кейин ундан нима учун вақтим оз қолди деганини кўпчилик сўраган. Ташиев вақт озайиб бораётгани ҳақида сўз бевосита иш билан боғлиқ дейди.

«Менинг ҳам танишларим кўп, улар “нимага вақт оз қолди, ўзингиз ҳақингизда айтяпсизми” деган саволларни беришди. Тўғри, мен буни ўзим ҳақимда айтяпман, бу иш билан боғлиқ. Мен шахсий ҳаётимни жамоатчиликка ошкор қила олмайман, аммо [бу] иш билан боғлиқ. Сабаби ишлаш вақти — МХДҚни бошқариш вақти, менда озайиб бормоқда. Мен бу ерда умрбод ўтирмайман-да, тўғрими? Мен бу ерда 10-15 йил ўтирмайман, ўтираман деган ўйим бўлганда ҳам бундай имконият бўлмаслиги мумкин», — деб билдирди у.

У МХДҚни бошқаргандан бери «билиниб-билинмай» икки ярим йил вақт ўтиб кетганини айтиб, «режалаштирилган ишларнинг барига улгуриш керак» деб таъкидлади.Ташиев унга яқин танишларидан ишга боғлиқ илтимослар бўлишини яширмади.

«Мен уларга ҳа: “Тўғри, мен бу ерда умрбод ўтирмайман, ўн йиллаб ўтирайин деган ўйим ҳам йўқ. Аммо мен МХДҚни бошқараётган вақтда кўп нарсага улгуриб қолишим керак. Мен коррупционерларнинг, бандитларнинг, давлатга зиён келтирганларни томирини кесишим керак. Мен ишдан кетгандан кейин бу одамлар менгагина эмас, жамиятимизга ҳам зарар келтирмайдиган бўлиши керак” дейман. Мана шу вақт оз қолиб, кундан-кунга озаймоқда», — деди у.

Сўзининг охирида Ташиев «ҳар бир соат ва вақт жуда қиммат бўлгани сабаб ўзи ва ходимлари туну кун тинмай ишлаётганини» айтди. Шунга қарамай, у «МХДҚнинг ичи ҳам “жуда идеал бўлган” деб айтолмайман, бироқ ҳозир тозалаб, барининг функциясини жой-жойига қўйиб, анча яхши бўлиб қолдик» деди.

МХДҚнинг раиси Камчибек Ташиев 24 майда Фейсбук саҳифасидан мурожаат қилиб, «коррупцияга ва оғир жиноятларга қарши курашнинг иккинчи босқичи бошланганини» билдирган. Бунгача у айбдорлар зарарни тўлаб, озодликда қолган бўлса, энди барча мулки мусодара қилиниб, қонундаги энг олий жазолар берилишини айтган эди.