Ўш: Папан сув омборидаги сувнинг ҳолати бўйича норозиликдан сўнг тозалаш ишлари олиб борилди

140
Сурат: Ўш шаҳар мэрияси

Ўшда Папан сув омборидаги сувнинг ҳолати бўйича норозиликдан кейин тозалаш ишлари олиб борилди. Бу ҳақда «Клооп»га 22 майда Ўш мэриясидан билдиришди.

Мэриядан Папан сув омбори шаҳар ҳудудига кирмаслигини айтиб, сув омборини бошқаришга мэрия аралаша олмайди деб таъкидлашди. Бироқ сув омборининг раҳбарияти билан унинг тозалигини сақлаш бўйича музокаралар боришини айтишди.

Шунингдек, 21 май куни ижтмоий тармоқлардаги норозиликдан кейин сув омборида тозалаш ишлари олиб борилганини билдиришди.

«Шу чиқинди ташланган сув тўғри келиб шаҳарга берилади деган нотўғри. Фильтрланиб, таҳлил олиниб, ичишга яроқлилиги текширилгандан кейингина шаҳарга берилади. Махсус омбор бор, ўша ерда тозаланади. Ҳозирда гигиена талабларини сақлаш бўйича расмий хат тайёрлаяпмиз. Папан сув омборига ҳам тозалик бўйича хат берамиз», — дейишди матбуот хизматидан.

20 майда Мирзамат Чингараев номли фейсбук фойдаланувчиси Папан сув омборидан олинган видео жойлади. Лавҳада сувнинг жуда кир экани, қўйнинг ўлиги ётганини кўриш мумкин.

«Ўш шаҳри яшовчиларининг ичган сувини кўриб қўйинглар! Сув хўжалиги, маҳаллий ҳукумат, Папан қишлоқ ҳукумати шу аҳоли ичадиган сувни кўриб, билиб, бефарқ муносабатда бўлишади. Бу ерда Жогорку Кенешдаги депутатлари ҳам бор, қандай кўришмайди?! Мана касаллик, мана соғлик!» — деб ёзган Чингараев.

Ўшдаги тоза сув муаммоси

Ўш шаҳрининг ярми Оқбура сойидан сув ичади. Ёмғир ёққан кунлари сув бериш тўхтатилиб, айниқса кўп қаватли уйларнинг яшовчилари учун ноқулайликлар юзага келади.

Шу сабабли турғунлар норозилик билдириб, митингларга ҳам чиқишган. Ўшнинг олдинги мэрлари ҳам сув муаммосини ҳал қилишни ваъда қилиб, аммо бу иш амалга ошгунча ўзлари кетиб қолишган.

2022 йилнинг майида мэрия ёмғир ёққанда сув бериш тўхтамаслиги учун лойиҳа таклиф қилишган. Осиё тараққиёт банки бунинг учун 3 млн АҚШ доллари бермоқчи бўлган.

Шу йилнинг март ойида мэр Бакитбек Жетигенов муаммони кузгача тўлиқ ҳал қилишга ваъда берган.

«Худо хоҳласа ёз давомида 4 резервуар қурилади. Ҳар бири 6 минг кубдан. У ёзда битса, тоза сув масаласи кузгача 100% ҳал бўлади», — деган у.