ИИВнинг курсанти 24 ёшли Айза Улан қизининг ўлими бўйича гувоҳни қўрқитиб, кўрсатмасини ўзгартиришни талаб қилган гумондор қўлга олинди. У марҳумнинг ўлимида гумонланаётган одамнинг таниши.
Бош прокуратуранинг 19 майдаги маълумотига кўра, гумондор гувоҳни терговда ёлғон кўрсатма беришга мажбурлаб, талабини бажармаса, куч ишлатиб, уни қоралаган маълумотларни интернетга чиқаришини айтган.
Назорат органидан гумондорнинг вебкам-студия ишлатиши ҳам аниқланганини қўшимча қилишди.
«У Бишкек ҳудудида порнография материалларини тарқатишга боғлиқ виртуал интим хизмат кўрсатиш учун ёш қизларни жалб қилиш орқали ноқонуний иш олиб боргани аниқланди», — деб билдиришди прокуратурадан.
Гумондорнинг ҳаракатларини исботловчи далилий ашёлар топилиб, у вақтинча сақлаш жойига киритилди.
Улан қизининг ўлими ва суднинг қарори
ИИВ академиясида ўқиган 24 ёшли Айза Улан қизини 9 январда эрталаб машина уриб кетган. Ҳайдовчи курсант қизни Республиканская кўчасида йўлдан ўтиб кетаётганда уриб кетган. Шундан сўнг ҳайдовчи воқеа жойидан қочиб кетиб, уч кун милициядан яшириниб юрган, бироқ у видеокузатув камералари орқали топилиб, қўлга олинган.
17 январда Бишкекнинг Свердлов туман суди уни соғлиги сабаб уй қамоғига чиқарган. У олдин ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида ишлагани маълум бўлган.
Бироқ 12 майда прокуратурадан бу иш бўйича янги гумондор қўлга олинганини билдиришган. Биринчи май туман суди уни икки ойга қамоққа олган.
«Бунгача бу ишда гумондор қатори қўлга олинган собиқ милиция ходими автомашинада бўлмаган ва ўғлини жазодан қутқариш айбни ўз бўйнига олгани аниқланди. Гумондорнинг отаси касал ва ногирон бўлгани учун қамалмаслигини билган ва ўғлини бу ишга алоқаси борлигини яшириб, ёлғон кўрсатма берган», — деб таъкидлашган прокуратурадан.