Россия қамоғида жазо ўтаётган қирғизистонлик Актилек Кадиров Украинанинг кучли жанг бўлаётган Бахмут шаҳрида вафот этгани айтилди. Бу ҳақда марҳумнинг яқинлари «Азаттиқ»да 17 майда чиққан видеода тасдиқлашди.
Маълумотга кўра, ҳалок бўлган қирғизистонлик «Вагнер» хусусий ҳарбий компания орқали Россия томонидан урушга кетган. Яқинлари марҳумни қачон урушга кетганини аниқ билишмайди. Улар уни 2022 йилнинг сентябрида сафарбарлик бошланганда кетган, деб тахмин қилишмоқда.
«Урушга кузда кетган бўлса керак. Биз февралда билдик. Онаси ўғлини урушдан майда келади деб кутган. Еттинчи мартда ҳалок бўлибди, биз 13 майда эшитдик. Вагнернинг вакиллари “жасадни Қирғизистонга ўзимиз етказамиз, тобутни очиб бўлмайди” дейишибди, танасига снаряд тегиб ёниб кетган экан», — дейди марҳумнинг яқинлари.
Кадиров 2020 йилдан бери қамоқда ўтирган, тергов ишлари чўзилиб кетгани сабаб 2022 йили уни олти йилга озодликдан маҳрум қилиш бўйича суднинг қарори чиққан.
28 ёшдаги Кадиров Ўш вилоятидаги Қорасув туманининг яшовчиси. Унинг жасади 18 майда туғилган қишлоғига олиб келиниши айтилди.
Украинадаги урушдан жасади келган қирғизистонликлар
Россия қамоқларида жазо ўтаётган қирғизистонлик фуқароларнинг жасади Украинадаги урушдан келган ҳолатлар бунгача ҳам бир неча марта бўлган.
27 январда қирғизистонлик Аян Алишеровнинг ўлими ҳақида маълум бўлган. У рус армияси 2022 йилнинг ёз ойларидан бери босиб олишга ҳаракат қилган Украинанинг Бахмут шаҳрида ҳалок бўлган.
30 ёшдаги Алишеровнинг қариндошлари ОАВга марҳум Россия таркибига кирган Мордовия республикасидаги колонияда жазо муддатини ўтаётганини айтишган. Укаси билан охирги марта суҳбатлашганда Алишеров колонияга «Вагнер» ЧВКсидан келишганини айтган. Суҳбатда марҳум урушга бориш нияти ҳақида айтмаган, бироқ кейин яқинлари билан алоқага чиқмай қўйган.
1 февралда «МедиаХаб» Россияда судланган Ўзган тумани яшовчиси Янгибай Рахимов ҳақида видео жойлади. Унда у 2022 йилнинг 9 декабрида Украинанинг Бахмут шаҳридаги урушда ҳалок бўлгани айтилган. Унинг жасади 23 январда дафн қилинган.
15 февралда яна бир қирғиз фуқароси, Лайлак тумани яшовчиси Замир Чолоевнинг жасади Украинадан келгани маълум бўлган. Чолоевнинг яқинлари у Россия қамоғида жазо ўтаётиб, ЧВК «Вагнер» орқали урушга кетганини «Азаттиқ»қа билдиришган.
11 майда яна бир қирғизистонлик Чингиз Изабеков Украинадаги урушда ҳалок бўлгани маълум қилинган. Рус қамоғида жазо ўтаётган Изабеков ҳам ЧВК «Вагнер» орқали урушга жалб қилинган.
26 апрелда болалари Россия қамоғида ўтирган 30 га яқин ота-она ҳукуматга мурожаат қилган. Улар президент Жапаровдан «гиёҳванд модда ташиган» деган айб билан судланган болаларини Қирғизистонга экстрадициялашга ёрдам сўрашган.
Ота-оналар болалари курьерлик ишига киришгандан кейин «Россиянинг мафиясига ем бўлиб, гиёҳванд модда билан қўлга тушаётганини» айтиб, қамоқдаги мигрантлар Украинадаги урушга жалб қилинади, деган хавотирларини айтишган.
Мазкур масалани депутат Жанар Акаев парламентнинг 27 апрелдаги йиғинида кўтариб, бош прокуратура бу бўйича тезкор чора кўриш кераклигини айтган.
Ташқи ишлар вазирлиги шу йилнинг февраль ойидаги маълумотига кўра, чет ўлкада судланиб, қамоққа олинган 1282 қирғиз фуқароси бор. Уларнинг 1077си Россия қамоқларида.
*ЧВК «Вагнер» ёки «Вагнер гуруҳи» — расмий бўлмаган қуролли тузум.
Россиянинг ОАВ уни хусусий ҳарбий компания деб аташади. The Bell нашрининг маълумотига кўра, уни Россия қуролли кучлари бош штабининг раҳбарияти яширин тарзда назорат қилади.
Ҳозирча Россияда жазо ўтаётган қанча қирғизистонлик Вагнер ЧВКга қўшилгани номаълум.