Дмитриевкадаги махсус операцияда чет эллик туристларнинг барча буюмлари ёниб кетди — 24.kg

133

17 майда Чуй вилоятининг Иссиқота туманидаги Дмитриевка қишлоғида «террорчини қўлга олиш операциясида» чет эллик 13 туристнинг барча буюмлари ёниб кетди. Бу ҳақда 24.kg нашри сайёҳларнинг бирига таяниб ёзди.

Жабрланган сайёҳлар милиция бўлимида. Сурат: 24.kg

Маълумотга кўра сайёҳлар яшаётган уйнинг бир қисмида куч тизими ходимлари томонидан «йўқ қилинган» қуролли одам ҳам яшаган.

«Соат 06:00да фуқаролик кийимидаги одамлар келиб, бизни эвакуация қилишди. Биз умумий 13 кишимиз – Россия фуқаролари, бири Беларуснинг яна бири Франция фуқароси. Ҳеч ким жароҳат олмади. Амма бор нарсаларимизнинг ҳаммаси  — кийимларимиз, пулларимиз, банк карталаримиз — ёниб кетди», — деб журналистларга айтиб берди сайёҳларнинг бири Дмитрий Анисимков.

Унинг айтишича, чет элликлар Қантдаги милиция бўлимида кўрсатма бергандан кейин ёниб кетган уйга бориб, қолган нарсаларини излашди.

Сайёҳлар Россиянинг Қирғизистондаги элчилигига мурожаат қилиб, элчиликдан уларга ҳужжатларини тўрт ой ичида тикласа бўлишини айтишган. Жабрланганларнинг ҳозирда ҳеч нарсаси йўқ — алмаштиришга кийимлари, тунашга жойлари ҳам.

Ёниб кетган уйнинг эгалари ИИВ «террорчи» деб атаган киши уйга тўрт кун олдин келганини айтишмоқда. Уй эгаларининг айтишича, «одамни бир қарашда жиноятчи эканини аниқлаб бўлмагани учун» хавотирланмай унга уйни ижарага беришган.

Улар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг операциясидан кейин уйи ёниб кетганини айтиб, бир одам сабаб уйга тўрт граната ташланганидан норози бўлишмоқда.

Дмитриевкадаги махсус операция

17 майда ИИВ билан МХДҚнинг махсус бўлимларининг ходимлари Иссиқотанинг Дмитриевка қишлоғида қуролли шахсни қўлга олиш операциясини ўтказишди.

Вазирликдан қўлга олиш вақтида қуролли шахс қатъий қаршилик кўрсатиб, натижада махсус йўналишдаги бўлимларнинг ходимлари томонидан «террорчи йўқ қилинганини» айтишди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигидан «Клооп»га махсус операцияда икки куч ходими яраланганини билдиришди. Бири енгил жароҳатланиб, иккинчисининг сонига ўқ тегиб, Миллий госпиталда операцияга тайёрланмоқда.

24.kg нашри хуқуқни муҳофаза қилиш идораларига таяниб, ўлдирилган одам бунгача Ўш шаҳрида қўлга олинган қуролли жиноий гуруҳнинг аъзоси эканини ёзди. У Суриядаги уруш ҳаракатларининг иштирокчиси сифатида ҳуқуқни-тартибот органларида рўйхатда туриши айтилди.

13 майда Ўш шаҳрида жиноий гуруҳнинг аъзолари қўлга олиниб, улардан кўплаган қуроллар олинган. Улар Ўш шаҳрида 3 млн 600 минг сомни ўғирлашда ва Қорасув туманидаги қуролли талончиликда айбланишган.

Қўлга олинганлар орасида Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг фуқаролари бўлган. Гумондорларнинг яшаш жойлари тинтув қилинганда кўп сондаги ўқ отувчи қуроллар, жумладан — автоматлар, снайпер милтиқлари, пулемётлар, тўппончалар, ўқ-дорилар ва гранаталар топилиб, тегишли экспертизалар тайинланган.