Парламентда Жаҳон ОИТСга қарши курашиш фондидан Қирғизистонга 29 млн доллар бериш масаласи қайта кўтарилди. Депутат Шайлообек Атазов фонд маблағни бир жинсли никоҳларни қўллаш учун бермоқда деб айтиб, вазирлар маҳкамасидан бунга чора кўришни талаб қилди.
“Жаҳон фондидан 29 млн доллар келса, қиз билан қизни уйлантириш керак деб, вице-премьерингиз рухсат беряпти. Эдил Байсалов деган жаноб қирғиз миллатига, динига, иймонига урф-одатига қарши бўлган идеологияни нима учун олиб бормоқда? Қачон қирғиз қизига қизни уйлантирган? Буни вице-премьер-министр нимага тўхтатмайди?» — деб сўради Атазов.
Вазирлар маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров депутатни ҳукумат янги Оила кодексини ишлаб чиқади деб ишонтириб, унда никоҳ — бу эркак билан аёлнинг иттифоқи деб аниқ ёзилишини таъкидлади.
“Яқинда оила кодексини олиб келамиз, шу билан ҳаммасини тартибга солайлик деяпмиз. Бунгача инсон ҳуқуқи деб қабул қилаверган эканмиз. Энди бўлмайди деяпмиз. Май-июнга улгурсак улгурдик, улгурмасак сентябрда кодексни олиб келиб, қонун билан барини тартибга соламиз. Оила деган — бу эркак билан аёл ўртасидаги иттифоқ деган нарсани тасдиқлаб, бола тарбиялашда оилани масъулияти бор, шуни олиб кирамиз деяпмиз. Инсон ҳуқуқини ҳимоя қиламиз деб бор конвенцияга қўшилиб олибмиз, уларни ҳам тартибга солиб, чиқадиганидан чиқайлик”, — деб жавоб берди Жапаров.
ОИТС билан курашишга ажратилган пул ва депутатларнинг хавотири
Депутатлар ОИТСга қарши курашиш бўйича Жаҳон фондидан тушган пул қаерга сарфланишини олдин ҳам муҳокама қилишган. Март ойининг бошида депутат Жилдиз Садирбаева ОИТСга қарши курашиш бўйича жаҳон фондидан тушган пулнинг кўп қисми бир жинсли никоҳларга сарфланишини айтган.
Халқ вакили ҳамкасбларини бу масалага қарши чиқишга чақирган. У 2022-йилнинг декабрида пулни бўлиштирувчи комиссия таркибига кирган.
“Грантнинг 4,5 миллион долларини ПРООНда ишлаганлар ўзларига маош сифатида олиб қолар экан. “Жамиятларни мустаҳкамлаш тизими” деб 226,2 минг, “Эркаклар билан жинсий алоқада бўлган эркаклар учун олдини олиш чоралари пакети” деганга 884 минг доллар олишни режалаштирмоқда. Буниси нима эканини ҳеч ким тушунтириб бермайди, шу сабаб пул гумон бўйича қолмоқда. Биз лесбиянкаларни, гомосексуаллар жамиятини мустаҳкамлаяпмизми, тушунмадим”, — деган Садирбаева.
Парламент спикери Нурлан Шакиев ҳамкасбини қўллаб, Қирғизистоннинг келажаги ҳақида сўз бўлаётганини айтиб, депутатларни яхши ўйланишга чақирди. У Жогорку Кенешнинг профиль қўмиталарига бу бўйича вазирлар маҳкамаси билан иш олиб боришни топширган.
“Нодавлат ташкилотлар бизни ёшларни қаёққа олиб боряпти? Келажагимизга жуда катта зарба, бу ерда трансгендерлар ҳақида гап бўляпти. Бироқ биз эътибор бермаганимиз билан бундай салбий кўриниш жуда тез ўсмоқда. Бу билан кескин курашишимиз керак. Катта миллий муаммо, оқибати жуда ёмон бўлади”, — деб қўшимча қилган у.
ОИВ ва туберкулёз касаллиги бўйича қўмита раисининг ўринбосари Айбар Султангазиев депутатлар айтаётган сумма хато эканини билдирган. Унинг айтишича, пул жиддий касалликлар билан курашишга йўналтирилган.
«27,8 млн доллар берилади. Икки касаллик билан курашишга сарфланади — ОИВ ва туберкулёз. Пул деярлик тенг иккига бўлинади. 12 млн доллари дори-дармон ва тиббий воситалар сотиб олишга сарфланади. Силга қарши препаратлар, лабораториялар ёки АРВ-препаратлар, болалар учун дорилар, тест-реагентлар каби. 4 млн долларга яқини соғлиқни сақлаш тизимига берилади”, — деб тушунтирган у.
Шунингдек, у лойиҳада ЛГТБ-жамияти каби муҳим гуруҳлар нимага кўрсатилганини тушунтириб берган.
“Маблағ нима учун уларга йўналтирилган дейсизми? ОИВнинг тарқалиши, масалан инъекцияли гиёҳванд моддаларни истеъмол қилганлар орасида 16,5%ни ташкил қилади. Трансгендерларнинг орасида тахминан (текширувлар натижасини кутяпмиз) 19%. ОИВни эркаклар билан жинсий алоқада бўлган эркаклар орасида тарқалиши 10,8%га ошган. Бу ҳар бир бешинчи трансгендер ва эркак билан жинсий алоқада бўлган ҳар бир ўнинчи эркакда (МСМда) ОИВ бор дегани. Шу сабаб жаҳон фонди ОИВ кўпроқ тарқалган гуруҳларни [белгилаб] кўрсатишни таклиф қилади”, — деб таъкидлаган Султангазиев.
Республика “СПИД” марказининг маълумотига кўра, 2022-йилнинг 1-ноябрига кўра ўлкада ОИВ инфекцияси билан яшаган 12 минг 39 киши рўйхатга олинган. Қирғизистонда ОИВ депутатлар айтгандай гомосексуал эмас, асосан гетеросексуал одамлар орасида кўпроқ тарқалган.