Тўқмоқ шаҳар мэри Урматбек Самаев «Тўқмоқ иссиқлик» муниципал ишхонасида коррупцион схемани уюштиришда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда 18 апрелда МХДҚдан билдиришди.
Маълумотларга кўра, Тўқмоқ шаҳридаги хусусий уйлар марказий иссиқлик тармоғига ноқонуний уланган ва ундан тушган даромаднинг бир қисми Самаевга берилган.
Мазкур ҳолат юзасидан «Хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш» моддаси асосида жиноят иши қўзғатилиб, мансабдор шахс МХДҚнинг вақтинчалик сақлаш жойига киргизилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Парламентнинг собиқ депутати, «Чемпион» лақаби билан машҳур бўлган Урмат Самаев 2021 йили 26 августда Тўқмоқ шаҳри ҳокими этиб сайланган. 2012 йилдан 2015 йилгача Тўқмоқ шаҳар Кенгаши депутати бўлган.
Самаев атрофидаги шов-шув
Самаевнинг номи бир неча шов-шувли ишларда тилга олинган. 2020 йилнинг октябридаги сиёсий инқироз пайтида, ўша вақтдаги депутат Аида Касималиева Самаев уни Садир Жапаровни қўллаб-қувватламагани учун таҳдид қилганини айтиб чиққан. Унда Самаев парламентдаги ҳамкасби ёлғон гапираётганини таъкидлаган.
2019 йили январда Тўқмоқ шаҳри яқинида ёқилғи ташувчи контрабандачиларнинг отишмасида Самаевнинг номи тилга олинган.
Собиқ депутатнинг позицияси ўзгариб турган – аввалига у отишма бўлган куни Тўқмоқда эмас, Кеминда бўлганини айтган, кейин охири Тўқмоқ шаҳрида эканлигини тан олган. Ўша воқеада жабрланганлардан бири унга, Дастан исмли Жогорку Кенешнинг «Чемпион» лақабли депутатнинг қариндоши ўқ отганини маълум қилган.
Кейинроқ депутат отишма вақтида Тўқмоқ шаҳрида бўлганини ва «томонларни яраштирганини» тан олган, отишма иштирокчиси Аскат Усонов эса Президент Сооронбай Жээнбековга мурожаат йўллаб, «ёрдам сўраб ҳамда депутат Самаевдан ҳимояланишни» илтимос қилган.
Бундай бўлишига қарамай, ўша йилнинг июнь ойида, отишмадан кўп ўтмай, Самаев парламентнинг Ҳуқуқ-тартибот, жиноятчилик билан курашиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича қўмита раисининг ўринбосари этиб тайинланган.