Иссиқкўлнинг Ак-Суу туманидаги психоневрология ижтимоий-стационар муассасада беморнинг жасади қарағайда осилган ҳолда топилди. Бу ҳақда 13 апрелда Қийноқларни олдини олиш миллий марказидан билдиришди.
Маълумотга кўра, 11 апрелда миллий марказнинг Иссиқкўл вилоятидаги вакиллигига 6 февралдан бери қидирувда бўлган касалхонадаги аёлнинг жасади топилгани ҳақида хабар тушган.
Дастлабки маълумотлар бўйича, беморнинг жасади икки ойдан бери қарағайга осилиб турган. Ҳозирда бу бўйича тергов ишлари бормоқда.
«Қийноқларни олдини олиш марказининг ходимлари эксперт билан бирга стационарга бориб, раҳбарлик билан учрашди. Вафот этган аёл билан бир хонада ётган беморлар билан суҳбатлашиб, воқеа бўлган жойни кўздан кечиришди. Терговчининг айтишича, ўлим бўйича иш қўзғалган, экспертизанинг хулосаси кутилмоқда», — деб билдиришди миллий марказдан.