Гиёҳванд моддаларни ноқонуний айлантирган «Принцесса Дури» жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди

181
Гумондорлар. Сурат: ИИВ

Гиёҳванд моддаларни ноқонуний айланишида гумонланган «Принсесса Дури» интернет-дўконидан ўғирланган гиёҳванд модда ташувчиларни калтаклаб, кечирим сўрашга мажбурлаган гуруҳнинг уч аъзоси қўлга олинди. Бу ҳақда 4-апрелда Ички ишлар вазирлигидан билдиришди.

Маълумотга кўра, 26-мартда ижтимоий тармоқларда гиёҳванд модда ташувчи фуқароларни номаълум одамлар калтаклаётган видеолар жойланиб, жамоатчиликда муҳокама қилинган.

Унда фуқаролар ўзларини «милиция ходимларимиз» деб таништириш билан курьерларни кенг далада калтаклаб, «Принсесса Дури» номли интернет-дўкондан ўғирланган гиёҳванд модда учун кечирим сўрашга мажбурлашган. Шунингдек, бу кўринишни тасвирга олиб, кураторларига юборишган.

ИИВнинг Гиёҳванд моддаларни ноқонуний айланишига қарши курашиш хизмати бу иш бўйича текширув ўтказиб, шу асосида 3-апрель куни 22, 23, ва 19 ёшлардаги уч фуқарони қўлга олган.

Гумондорларнинг яшаган жойларида тинтув ўтказилиб, ашёвий далиллар олинган. Ҳозирда гиёҳванд гуруҳнинг бошқа аъзоларининг шахси аниқланиб, махсус чоралар олиб борилмоқда.

ИИВнинг маълумотига кўра, ўтган йили интернетда ноқонуний айланишга қўйилган 230 килограммдан ортиқ психотроп моддалар олиниб, 10га яқин гиёҳванд моддалар ишлаб чиқарган лаборатория йўқ қилинган.