Ўшда 19 та банкоматни тўнаганликда гумонланиб, икки шахс қўлга олинди

181

Ўш ва Жалолобод вилоятларида 19 та банкоматни бузиб, улардан пул ўғирлаганликда гумонланаётган икки шахс қўлга олинди. Бу ҳақда 30-мартда Ўш шаҳар милицияси хабар берди.

Маълумотларга кўра, гумонланувчилар 2022-йилнинг январидан 2023-йилнинг февралигача Ўш шаҳри, Ўш вилоятининг Ўзган, Қорасув, Новқат туманларида ҳамда Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманида 19 та банкоматни тўнашган.

Гумонланувчилар. Сурат: Ўш шаҳар ИИБ

Жиноятга гумонланувчи сифатида Ўш вилоятининг турғунлари қўлга олинган. Гумонланувчилар тергов якунига қадар Ўш шаҳар 5-сонли тергов изоляторида сақланади.

«Иккаласи аввал ҳам бир неча бор жиноий жавобгарликка тортилишган. Жиноят оламининг ғояларини қўллаб-қувватлашади», — деб таъкидлашди Ўш шаҳар ИИБдан.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.