Ўш шаҳар таълим бошқармаси биносини икки киши ёқиб юборгани аниқланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда 30-мартда «Клооп»га Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси билдирди.
Маълумотларга кўра, 21-мартда эрталаб соат 05:30да таълим бошқармаси биносининг бир хонаси ва том қисми ёниб кетган.
Ёнғин сабабини аввалига электр токидан экани айтилиб, тергов давомида икки номаълум шахс ўт қўйиб кетгани аниқланган. Уларнинг қилмишлари идора яқинидаги бинонинг видеокузатув камераларига тушиб қолган.
Милиция «Ўзганинг мулкини йўқ қилиш ёки бузиш» моддаси асосида жиноят иши қўзғатилгани ва гувоҳлар сўроқ қилинаётганини маълум қилди. Шунингдек, улар терговдан сўнг қўшимча маълумот беришга ваъда беришди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда бинони ёқиб юборилгани ҳақида маълумотлар тарқалган, буни прокуратура бошлаган тергов билан боғлашган. Лекин, назорат органидан бундай тахминларни рад этишди.
Жорий йилнинг февраль ойида Бош прокуратура шаҳар таълим бошқармасининг мансабдор шахсларига нисбатан «Хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш» моддаси бўйича иш қўзғаган.
Прокуратуранинг текширувида, мазкур бўлим ходимлари ҳеч қайси мактабда ишламаган танишлари номига очилган ҳисоб рақамларига 1 млн 905 минг 987 сом пул маблағини ноқонуний ўтказишгани маълум бўлган.