Бюджетда маблағ танқислиги сабабли 2023-йили мактаб ўқувчиларининг озиқ-овқати учун ажратилган харажатни 20 сомгача кўтаришнинг имкони йўқ. Бу ҳақда парламентнинг ижтимоий масалалар бўйича қўмитасининг йиғинида Молия вазирининг ўринбосари Жибек Дуйшеева айтди.
Унинг айтишича, Молия вазирлиги 2024-йили ўқувчиларнинг озиқ-овқатига мўлжалланган маблағни кўпайтириш масаласини биринчи ўринга олиб чиқади. У ҳозирда вазирликнинг мутахассислари ҳисоблаш ишларини олиб бораётганини қўшимча қилди.
«2023-йилнинг бюджетини тузаётганда [бу тармоқни] приоритет тармоқ деб қараганмиз. Бироқ бунга қадар бўлган маош, пенсия ва ёрдам пулларни ошириш бўйича мажбуриятларни олгани учун қўшимча маблағ йўқ бўлиб қолган», — деди вазирнинг ўринбосари.
Дуйшеева мактаб ўқувчиларининг иссиқ овқати учун мўлжалланган маблағни оширишга 1,2 млрд сомга яқин маблағ кераклигини айтди.
Ўз навбатида қўмитанинг раисаси Венера Раимбачаева Молия вазирлиги бу масалани 2023-йилнинг 1-сентябригача ҳал қилиши керак деб билдирди.
2022-йили Молия вазирлиги 2023-йили ўқувчиларнинг овқатига кўпроқ маблағ ажратишни режалаштираётганини айтган эди.
2022-йилнинг февралида Таълим ва фан вазирининг ўринбосари Надира Жусупбекова мактаб ўқувчиларининг озиқ-овқатига деб ажратилган пул етмаётганидан шикоят қилган. Унинг айтишича, шаҳарларда ҳар бир ўқувчига 7 сомдан, ҳудудларда эса 10 сомдан берилади.