Ҳуқуқ ҳимоячиси ва фаол, Кампиробод ишининг фигуранти Рита Карасартова қамоқдан хат ёзди. Хатда у президент Садир Жапаровга мурожаат қилиб, «Кампиробод ҳимоячиларига нисбатан салбий муносабатдан қайтишни» сўради.
Карасартова ўзи ва ишнинг бошқа фигурантлари қамоқда ўтирганига беш ой бўлаётганини, шундан бери тергов уларга айб қўйиш учун бирорта ишончли далил топмаганини ёзди.
У Жапаровдан охирги учрашувда «унинг давлат раҳбари мақомига ҳурматсизлик қилгани учун» кечирим сўради. Шунингдек, Карасартова президентдан шу иш бўйича ўтаётган собиқ депутат Асия Сасикбаевани, МСКнинг собиқ аъзоси Гулнара Журабаевани ва Конституциявий палатанинг собиқ судьяси Клара Сооронкуловани уй қамоғига чиқаришни илтимос қилди.
«Сиз ўзингиз айтгандай «турмада илоннинг ҳам боласи ётмасин», бироқ сиз ўзингиз, оилангиз бошидан ўтказган кунларни биз билан бирга ота-она, болаларимиз, қариндошларимиз ўтказиб, куйиб, қайғуга ботиб ўтиришибди. [...] Айрим вақтларда, айниқса охирги учрашувда ҳаддан ошиб, давлат раҳбари мақомингизга ҳурматсизлик қилганимни тан оламан ва бунинг учун сиздан кечирим сўрайман. [...] Энг муҳими, қамоқда ўтирган «Кампиробод ҳимоячиларига» бўлган салбий муносабатингиздан қайтишингизни сўрамоқчиман. [...] Агар ҳақиқатдан ҳам бир кичик йиғинни катта жиноят сифатида қабул қилаётган бўлсангиз, сиздан илтимосим қамоқда соғлиғидан айрилиб, оғир операцияни ўтказиб, жабрланаётган она, опаларимиз Асия Сасикбаева, Гулнара Журабаева, Клара Сооронкуловаларнинг аёллигини, оналигини, уларни халқ учун қилган меҳнатини ҳурмат қилиб, ҳеч бўлмаганда ёшини, соғлиғини, оиласининг аҳволини ҳисобга олиб, уй қамоғига чиқаришингизни илтимос қиламан. Чунки ўша йиғинга бу аёллар менинг илтимосим билан, таклифим билан келиб қатнашишган. Асосий айб менда бўлгани учун мени қамоқда қолдиришингизни сўрайман», — деб ёзди у.
Кампиробод иши
2022-йилнинг октябрида милиция ҳукуматни Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга ўтказиб бергани учун танқид қилган сиёсатчилар ва фаоллар оммавий равишда қўлга олинган. Кампиробод иши бўйича умумий 30га яқин одам қўлга қамалган. Уларнинг бир қисми 22-октябрда тузилган Кампиробод сув омборини ҳимоя қилиш қўмитасининг аъзолари бўлган.
ИИВдан уларга нисбатан «Оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўриш» моддаси билан айбланганини билдирган. Қўлга олинганларнинг барчаси Бишкекдаги ТИЗО-1га қамалган.
Уларнинг ҳаммаси айбсиз эканини, уларга қарши ишлар «уйдирма» деб айтишмоқда. Шунингдек, Кампиробод бўйича позициясини очиқ айтгани сабаб жиноий таъқиб бўлмоқда деб ҳисоблашади. Қамоққа олишга норозилик билдириб фигурантларнинг деярли барчаси икки ҳафтадан ортиқ очлик эълон қилишган.
Йигирмадан ортиқ сиёсатчи билан фаолнинг қамалишини бир қатор депутатлар айблаб, Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти ҳукуматни қўлга олинганларни ҳаммасини озод қилишга чақирган.
Президент Садир Жапаров кимнидир озод қилинглар деб буйруқ беролмаслигини билдирган. Президент бу иш бўйича судьяларнинг ишига ҳеч ким аралашмаганини айтмоқда. У Кампиробод иши бўйича айбланаётганлар «тўнтариш қилишни режалаштиргани учун тўғри турмага тушишган» деб билдирган. Унинг айтишича, айбланганлар тўнтариш қилиш режалари, қанча одам йиғиш кераклигини муҳокама қилган йиғилишга боришган.