6 март куни Парламентнинг Бюджет, иқтисодий ва фискал сиёсат қўмитаси мажлисда Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Ақилбек Жапаров билан Молия вазири Алмаз Бакетаевнинг иштирок этишини талаб қилиб, Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритишни муҳокама қилишдан бош тортди.
Депутат Камила Талиева вазирлар маҳкамаси кўп ҳолда «ўзи четда туриб, парламентни жамоатчиликка ем қилиб қўяди» деб билдирди. Унинг айтишича, жамоатчилик кодексга киритилаётган тўлиқлашларни қизғин муҳокама қилиб, депутатлардан жавоб талаб қилишади.
«Акилбек Усонбекович ўзи, молия вазири [Алмаз Бакетаев] келиши керак. Нима учун ўзлари қочиб ўринбосарларини юборишяпти? […] [Вазирлар маҳкамаси] парламентни жамоатчиликка ем қилиб ташлаб, ўзлари четда туришади», — дейди Талиева.
Талиеванинг сўзларини депутат Акилбек Тумонбаев ҳам қўллаб, тадбиркорлар ўзгартиришларга қарши бўлиб кўчага митингга чиқаётганини эслатди. Унинг айтишича, вазирлар маҳкамаси депутатларнинг таклифларини ҳисобга олмай, халқ вакилларини ўзгартиришлар муҳокама қилинган давра суҳбатига чақирмаган.
Депутат Элвира Сурабалдиева ҳукумат ўзининг Солиқ кодекси билан Конституцияни бузаётганини қўшимча қилди. Унинг фикрича, солиқ меъёрларини қўйиш ҳуқуқи ҳукуматга эмас, Жогорку Кенешга берилади.
«[Вазирлар маҳкамасига] Конституциянинг қайси моддаларини бузганингларни айтса хафа бўласизлар. Биз огоҳлантириш берсак [унинг] 90%ни киритмайсизлар. Керак бўлса, базавий нарсаларни ҳам киритмаяпсизлар [...] Кейин албатта, агар бизнинг овозимизни етказа олмасак, оддий фуқароларнинг овозини ҳукумат ҳеч қачон эшитмайсизлар», — деди Сурабалдиева.
Натижада депутатларнинг кўпи Солиқ кодексидаги ўзгартиришларни келаси йиғинда муҳокама қилиш қарорига овоз беришди.
НКМ, ЭТТК ва митинглар
Қирғизистонда 2021-йилнинг декабрь ойидан тадбиркорлар НКМ ўрнатишга қарши тез-тез митинглар ўтказилади.
Бари президент Садир Жапаров 2021-йилнинг декабрь ойидаги фармонидан кейин бошланган. Фармонда бир йиллик товар айланиши 8 млн сомдан ошмаган тадбиркорлар солиқдан озод қилиниб, бироқ НКМ аппаратларидан фойдаланшга мажбур.
Шунингдек, тадбиркорлар ЭТТК бўйича ҳам норозиликларини билдиришди.
ЭТТК — бу товар ҳақидаги, юборувчи, олувчи ва транспорт воситаси ҳақидаги маълумот бўлган ҳукумат томонидан тасдиқланган электрон ҳужжат. 2023-йилнинг 1-январидан бошлаб ЭТТКни товар айлантирган тадбиркорликнинг барча субъектлари фойдаланиши керак.
Бироқ айрим тадбиркор бу тизимдан фойдаланишда қийинчиликларга дуч келиб, тизим қулай эмаслигидан шикоят қилишган. Агроенгилсаноат комплекси ассоциацияси бу янги қоида озиқ-овқатнинг нархини қимматлашига олиб келиши мумкин деб билдирди. ЭТТК нарҳларни ўсишига олиб келганини депутат Нуржигит Кадирбеков ҳам айтган эди.
Бундан ташқари, Бухгалтерлар ассоциациясидан ЭТТК бухгалтерларнинг оммавий турда ишдан кетишига сабаб бўлганини айтишган. Ассоциация вакили Эля Аралбаеванинг айтишича, ЭТТК бухгалтериянинг ишини қийинлаштиради ва йирик компаниялар буни тўлдириш билан шуғулланувчи бухгалтер-операторларни ёллашади.
Январнинг охирида Халқаро тадбиркорлар кенгашининг етакчиси Аскар Сидиков ЭТТКни киритишдан бош тортиб ёки камида келаси йилга жилдириш кераклигини айтган.
Февралнинг охирида солиқ хизмати 2023-йили тадбиркорларда муаммолар бўлгани учун ЭТТКдан фойдаланмаган тадбиркорларга жарима солинмаслигини билдирган.