Ташиев туғилган қишлоққа номаълум ҳомийлар маблағига туғруқхона қурилади

207

6- мартда МХДҚ раиси Камчибек Ташиев ўзи туғилиб ўсган Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманига қарашли Барпи қишлоғида туғруқхона қурилишига капсула солди. Бу ҳақда Ташиевга қарашли Region TV телеканали билдирди.

МХДҚ бошчиси Камчибек Ташиев Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманига қарашли Барпи қишлоғидаги туғруқхона қурилишига капсула солган вақт. Сурат: Region TV

Туғруқхона уч гектар ерга қурилиб, 3 қават бўлиши маълум қилинди. Қурилишнинг баҳоси 270 миллион сомни ташкил қилади. Қурилишга маблағни ҳомийлар берган, бироқ қайси ҳомийлар экани айтилмаган.

Капсула солиш маросимида Ташиев туғруқхона қурилишини ўз назоратига олишини айтди. Унинг айтишича, қурилиш ишларини 2023- йили декабрда тугатиш режалаштирилмоқда.

Қурилиш ишларига ФВВнинг Жалолобод вилояти бўйича бошқармаси масъул бўлади.

Ташиев туғилган Жалолободнинг Барпида қурила бошлаган туғруқхона ҳомийлар томонидан молияланаётган ягона объект эмас.

2021- йилнинг июлида Ташиев Жалолободда МХДҚнинг ходимлари учун 205 хонадондан иборат хизмат уйларини қурилишига капсула солган. МХДҚнинг бошчиси уй қурилишини ким молиялаётганини айтмаган.

Ташиев 2021- йили МХДҚнинг маҳаллий бошқармаси биноси учун капсула солган. Унда «Кабар» ахборот агентлиги ҳомийлар қурилишга 100 млн сом беришганини ёзган.