Боткен вилоятида хизмат қилаётган 21 ёшли аскар ўқдан ҳалок бўлди. Бу ҳақда МХДҚнинг чегара хизмати 21 февралда хабар берди.
Маълумотга кўра, 26 ёшли чегарачи Боткен шаҳридаги чегара ўтказиш пунктида АК-74 автоматидан эҳтиётсизлик қилиб, 21 ёшли аскарни «тасодифан отиб юборган».
Аскарга тез ёрдам кўрсатилиб, Боткен шаҳар госпиталига етказилган. Аммо у олган жароҳатлари сабаб вафот этган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда, Ҳарбий прокуратура вакиллари воқеа жойига жўнаб кетишди.
Ўтган йилнинг 18 август куни Мудофаа вазирлиги Бишкекдаги Ҳарбий институтда 19 ёшли аскар ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди. Вазирлик у қоровуллик вазифасини ўтаётиб, «ўзини отиб ўлдирганини» айтишган.
Бу орада Мудофаа вазири Бактибек Бекболотов «Азаттиқ»қа воқеа юзасидан изоҳ бериб, «қуролли кучлардаги содир бўлган воқеаларни вазирликка боғлайвериш ўринли эмас», деган. Унинг фикрича, сўнгги воқеалар ёш болаларнинг армияга тайёр эмаслиги натижасида юз бермоқда. Бу воқеадан кейин президент Садир Жапаров Бекболотовга «қаттиқ танбеҳ» берган.
17 август куни эса Ўшдаги Ички ишлар вазирлигининг 703-ҳарбий қисмида хизмат қилаётган аскар ҳалок бўлган. Айтилишича, воқеа содир бўлган куни эрталаб назорат-ўтказиш пунктида турган аскар «йиқилиб тушиб» шу бўйи ўзига келмаган.
Суд-тиббий экспертизаси марҳумнинг жасадида зўравонлик аломатлари йўқлигини кўрсатган. Аскар юрак хуружидан вафот этгани тахмин қилинмоқда.
Июль ойида эса Қўй-Тош қишлоғидаги ҳарбий қисм аскари отиб ўлдирилган. Мудофаа вазирлиги аскар қуролни ишлатишдаги эҳтиётсизлик оқибатида тасодифан ўқ узганини маълум қилган.
Худди шу ойда Фавқулодда вазиятлар вазирлигида вақтинча хизмат қилаётган аскар Бекзат Эсенбеков қаттиқ калтакланиб, касалхонага ётқизилган эди. Ҳарбийнинг онаси ўғли ҳарбий бўлинмада пул сабаб калтакланганини билдирган.
8 август куни Биринчи Май туман суди Эсенбековнинг қаттиқ калтакланиши бўйича жиноят ишини тўхтатган. Суд маълумотига кўра, томонлар ярашиб олган.
Омбудсман Атир Абдрахматованинг ташаббуси билан ҳарбий хизматни ўташ даврида инсон ҳуқуқларига риоя қилиш масалалари бўйича идоралараро ишчи гуруҳ ташкил этилган.
Ишчи гуруҳ томонидан сўнгги 5 йил ичида рўйхатга олинган аскарларнинг ўлими, ўз жонига қасд қилиш, калтакланиши ҳолатлари бўйича фактлар тўпланиб, таҳлил қилиниши режалаштирилган.