Бош прокуратура: «Ошэлектр» ишхонаси 22 млн сом маблағни ноқонуний қўлланган

113

«Ошэлектр» ишхонасининг ходимлари 21 млн 972 минг 120 сомлик кафолат тўловини муассасанинг манфаати учун ноқонуний сарфлагани аниқланди. Бу ҳақда 21-февралда Бош прокуратура билдирди.

Маълумотга кўра, 2018-2022-йиллари давлат харидлари асосида тадбиркорлар томонидан танлов шартномаларини бажарилишини кафолатлаш мақсадида 28 млн 291 минг 746 сом сом тушган.

Ундан 21 млн 972 минг 120 сом пулни «Ошэлектр» ишхонаси ходимларнинг маошларини тўлашга, солиқ ва бошқа қарзларни ёпишга сарфлаган.

Бу факт бўйича Ўш вилоят прокуратураси томонидан «Тижорий ёки бошқа ташкилотлар ходимларининг ваколатларидан фойдаланиш» моддаси асосида жиноий иш қўзғалди.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

2021-йили «Ошэлектр» ишхонаси давлат бюджетига 30 миллион сомдан ортиқ зарар келтиргани аниқланган. Маълумотга кўра, мазкур ишхонанинг расмийлари Давлат мулк фонди билан келишмай, ишхонанинг аввалги маъмурий биносини ва унга яқин жойлашган ерни 8 миллион сомга сотиб юборган.

Бинонинг умумий майдони 619 кв метрни ташкил қилиб, 1665 кв метр ер участкаси бўлган. Молия полицияси билдиришича, ер сотиш вақтидаги бундай участканинг ўртача бозор нархи — 1 сотих ер учун тахминан 30 минг АҚШ долларини ташкил қилган.

Натижада давлатга 30 миллион сомдан ортиқ зарар келтирилгани айтилган.

«Ошэлектр» очиқ акционерлик жамияти — Ўш, Баткен вилоятларини ва Ўш шаҳрини электр энергияси билан таъминлайди. 2001-йили «Кыргызэнерго» акционерлик жамиятини қайта ташкил қилиш асосида «Ошэлектр» ОҲЖ деб аталган.