31 январда Бишкекнинг «Достук» меҳмонхонасида Кампиробод ишининг «махфий» грифи муҳокама қилинган давра суҳбатининг иштирокчилари мажлислар залида электр қуввати йўқлиги сабабли шам ёруғида ўтиришди.
Давра суҳбатининг ташкилотчиси Айсулуу Кудайбердиеванинг ёзишича, тадбирдан бир кун аввал унга мажлислар залининг электр симларида қисқа туташув бўлгани, чироқлар ишламай қолган.
«Авторитар мамлакатларда тадбирга тўсқинлик қилиш усуллари ўзгаришсиз қолган. Митинг бўлса, унда қатнашганлар қамоққа олинади, давра суҳбати бўлса «сув тошиб, чироқ ўчади ва ҳоказо», - дейди Кудайбердиева.
«Кемпиробод иши бўйича жиноят ишини маҳфий қилишнинг қонунийлиги ва зарурлиги» мавзусидаги давра суҳбатида ҳуқуқ ҳимоячилари билан ҳибсга олинганларнинг адвокатлари иштирок этди. Президент девони, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва парламент вакиллари ҳам таклиф қилинган, бироқ улар келмаган.
18 январь куни Ички ишлар вазирлиги Кампиробод ишига мутлақо «махфий» мақомини берди. Бу барча суд мажлислари ёпиқ, айбланувчиларнинг яқинлари, журналистлар ва мустақил кузатувчилар иштирокисиз ўтишини билдиради. Шунингдек, «махфий» муҳр ҳибсга олинганларнинг адвокатларига иш бўйича маълумот алмашишни тақиқлайди.
Кампиробод иши
2022-йилнинг октябри охирида Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишини танқид қилган 20 нафардан ортиқ фаол, сиёсатчи ва ҳуқуқ ҳимоячиси қўлга олинган. Уларнинг бари оммавий тартибсизлик уюштиришга тайёрланишда айбланган. Шундан бери тергов амаллари олиб борилмаяпти.
Қўлга олинганларнинг бари айблари йўқлигини, уларга босим бўлаётганини, жиноят иши уларнинг Кампиробод масаласи бўйича позицияси сабаб қўзғалганини билдиришган. Қамоққа олишдан норозилик билдириб 19 киши очлик эълон қилган.
Улар очилик оқибати учун жавобгарликни шахсан президент Садир Жапаровга ва МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиевга юклашган. Кейинчалик ҳибсга олинганларнинг уч нафари: журналист Айданбек Акматов, сиёсатчи Азимбек Бекназаров ва фаол Чингиз Капаров очликни тўхтатишган.
Йигирмадан ортиқ сиёсатчи билан фаолнинг қўлга олинишини бир қатор депутатлар айблаб, Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти эса ҳукуматни қўлга олинганларнинг барини озод қилишга чақирган.