Ўш прокуратураси маҳбусларни калтаклаган милиция ходимларига нисбатан иш очишдан бош тортди

187

Ўш вилоятининг Ўзган туман ИИБнинг вақтинча сақлаш жойидаги икки маҳкум калтакланганидан шикоят қилди. Бироқ прокуратура мазкур факт бўйича «жиноят таркиби йўқлиги сабабли» жиноий иш очишдан бош тортган. Бу ҳақда Қийноқларнинг олдини олиш миллий марказидан билдиришди. 

Маълумотга кўра, уларга 2022 йилнинг 12 декабрь куни милиция ходимлари томонидан қўлга олинган С.А.нинг айбини тан олдириш мақсадида калтаклангани ҳақида ариза келиб тушган.  

Миллий марказ ҳуқуқ ҳимоячилари С.А.нинг бош ва юзида гематомалар ва кўкаришлар борлигини билдиришган. Бундан ташқари, жабрланувчининг айтишича, бошқа маҳбуслар ҳам милиция ходимлари томонидан бир неча бор калтакланган.

Шунингдек, Миллий марказнинг қўшимча қилишича, яна бир ҳибсга олинган Р.А.нинг бурун, елка ҳам сон қисмида кўкаришлар мавжуд. Ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан тан жароҳатлари юзасидан далолатнома тузилиб, Ўзган вилояти прокуратурасига хат йўлланган.

Бироқ, Миллий марказ маълумотларига кўра, прокуратура жиноят таркиби йўқлиги сабабли жиноий иш қўзғатишдан бош тортган.

Мақола эълон қилинаётган вақтгача Бош прокуратуранинг матбуот хизматидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.