Ўш давлат университети тиббиёт клиникасида ошқозон саратони билан оғриган беморга биринчи операция қилинди. Бу ҳақда 26 январь куни Ўш давлат университетининг матбуот хизмати хабар берди.
Операцияни тиббиёт клиникаси хирургия бўлими мудири, жарроҳ, онколог Жанек Белеков ва эндоскопист, онколог, жарроҳ Омурбек Алишовлар амалга оширди.
«Бугун Ўш давлат университети тарихида биринчи марта саратон касаллигига чалинган беморга жарроҳлик операцияси ўтказилди. Операция 4 соат давом этди, чунки ошқозон саратони билан оғриган беморларни операция қилиш жуда кўп вақт ва ўта эҳтиёткорликни талаб қилади. Энг янги технология ва кўникмалардан фойдаланган ҳолда операция муваффақиятли якунланди», — деди шифокор Жанек Белеков.
Таълим муассасаси матбуот хизмати раҳбари Медер Ниёзалиевнинг Клоопга айтишича, 27 январь ҳолатига кўра, беморнинг аҳволи барқарор ва у шифокорлар назоратида.
Шунингдек, бундан буён университет клиникаси операция хонасида барча турдаги операциялар замонавий тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида амалга оширилишини қўшимча қилди.
Бундан ташқари, февраль ойида клиникага гинекологик, урологик, жигар ва қорин бўшлиғидаги жарроҳлик операциялари учун лапароскопик аппарат етказиб берилиши кутилмоқда. 2022 йилнинг охирида Ўш Давлат университети тиббиёт поликлиникаси тез тиббий ёрдам машинаси сотиб олган.
Муаллиф: Нуриза Абил қизи