Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ниҳоят Қирғизистонга келадиган бўлди

149

ОАВда Ўзбекистон президентининг Бишкекка ташрифи 26 январь куни бўлиб ўтиши ҳақидаги хабарлар ҳақиқат бўлиб чиқди – гарчи ўтган ҳафта Садир Жапаров маъмурияти буни рад этган эди. Энди буни Президент Администрациясининг ташқи сиёсат бўлими мудири Муратбек Азимбакиев расман тасдиқлади. Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга ўтиши билан боғлиқ можаролар сабаб ташриф бир неча бор қолдирилиб, бунинг тафсилотларини расмийлар ҳалигача яширмоқда.

Азимбакиевнинг айтишича, давлат ташрифи доирасида Мирзиёев ва президент Садир Жапаров ўртасида икки томонлама музокаралар ўтказиш режалаштирилган.

«Мамлакатлар раҳбарлари тор ва кенгайтирилган таркибда Қирғизистон-Ўзбекистон стратегик шериклигининг кенг кўламли масалаларини, шунингдек, дўстлик, қардошлик ва яхши қўшничилик руҳидаги муносабатларни янада ривожлантириш режаларини муҳокама қиладилар. Бундан ташқари, икки томонлама бир қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган», — деди у.

Расмий бу қандай ҳужжатлар эканлиги ҳақида аниқ маълумот бермади, лекин улар орасида Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга бериш тўғрисидаги битимни президентлар томонидан якуний тантанали имзоланиши бўлиши мумкин.

Ушбу келишув танқидчилари стратегик аҳамиятга эга сув омборини Ўзбекистон томонидан ажратилган яйловларга айирбошлаш тенгсиз эканлигини, Қирғизистон эвазига олгани айтилаётган ерларнинг бир қисми аллақачон унга тегишли бўлганини бир неча бор таъкидлаган. Қолаверса, Кампиробод атрофидаги қишлоқ аҳолиси асосий даромад манбаи бўлган шоли етиштириш билан яна шуғуллана оладими, йўқми номаълумлигича қолмоқда.

Бироқ президент Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев босими остида сув омборини ўтказиш учун овоз берган парламент депутатлари ҳам ушбу келишув бўйича ҳужжатларнинг тўлиқ пакетини кўришмади. Қирғизистон ҳукумати ва жамоатчилик ўртасидаги бу борадаги мулоқот оммавий репрецияга айланиб кетди: Кампирободнинг кўчирилишига қарши норозилик билдиришга уринган ўнлаб фаоллар «оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўриш» айби билан қамоққа олинган.

Қирғизистон Республикаси Президентининг Администрацияси ташқи сиёсат бўлими мудири Муратбек Азимбакиев Мирзиёевнинг ташрифи арафасида икки давлат ишбилармонлар доиралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган Қирғизистон-Ўзбекистон бизнес-форуми ўтказилишини маълум қилди.

Ўзбекистон Президентининг 2022-йилнинг октябрь ойи ўрталарида кутилган Қирғизистонга ташрифи доимий равишда қолдирилиб келинди. 

Шундан сўнг Қирғизистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Нуран Ниязалиев Мирзиёевнинг давлат ташрифи билан мамлакатга келиши кутилаётганини айтди. Бироқ расмий аниқ санани айтмаган, ҳаммаси икки қўшни давлат раҳбарларининг жадвалига боғлиқлигини айтган.

Ниязалиев Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифи ҳақида Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга ўтиши билан боғлиқ можаролар фонида баёнот берган. Аммо айни пайтда у Мирзиёевнинг ташрифи ана шу «қайноқ муҳокамалар» билан боғлиқлигини инкор этди. Ўтган йилнинг октябрь ойи охирида Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи қолдирилгани маълум бўлган эди.

Декабрь ойида ҳам Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифи кутилганди – Бишкекда ЕОИИ саммити бўлиб ўтган, унга Ўзбекистон раҳбари келиши керак эди.Аммо саммитдан бир кун аввал Мирзиёевнинг тадбирда иштирок этмаслиги маълум бўлган.

Сўнгра Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев қўшни давлатлар раҳбарлари телефон орқали мулоқот чоғида давлат ташрифи санасини кўчиришга келишиб олганини таъкидлади.

Мирзиёевнинг бу галги ташрифи ҳам узоқ вақт давомида тасдиқланмади. 17 январь куни АКИпресс сайтида Мирзиёев 26 январь куни Қирғизистонга учиши ҳақида хабар пайдо бўлди. Материал Қирғизистон Савдо-саноат палатасига (ССП) таяниб ёзилган, бироқ палатанинг расмий сайтида Ўзбекистон раҳбарининг Қирғизистонга ташрифи ҳақида бирор сўз айтилмаган. Савдо-саноат палатаси 26 январь куни мамлакатда Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида ишбилармонлар кенгаши бўлиб ўтиши ҳақида хабар берган холос.

Ўшанда президент маъмурияти  «Клооп»га  Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифининг аниқ саналари ҳозирча маълум эмаслигини айтган эди. Уларнинг қўшимча қилишича, ССП «хорижий давлатлар президентларининг ташрифини эълон қилиш ваколатига эга эмас», шунингдек, палата фақат Ишбилармонлар кенгаши ҳақидаги маълумотларни эълон қилган.

Бугунги кунга келиб, Кампиробод сув омборини ўтказиш бўйича ҳужжатлар имзоланган.