Педофилни операция йўли билан кастрациялаш таклифи биринчи ўқишда қабул қилинди

206

Жогорку Кенешнинг Конституциявий қонунчилик, давлат ташкил этиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси вояга етмаганларни зўрлаганлик учун жарроҳлик кастрацияси тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Бу ҳақда 24 январь куни парламентнинг матбуот хизмати хабар берди.

«Аслида педофилларга [вояга етмаганларни зўрлаганликда айбланганлар] ўлим жазоси берилиши керак, бироқ бу Қирғизистон Конституцияси томонидан тақиқланган. [...] Баъзи мамлакатларда кимёвий кастрация қўлланилади, бироқ дори воситалари ҳар доим ҳам таъсир кўрсатмайди, шунинг учун болаларни ҳимоя қилиш учун жарроҳлик кастрациясини жорий қилиш керак», — деди лойиҳа ташаббускори депутат Улан Бакасов.

Муҳокама вақтида депутат Гуля Кожокулова қонун лойиҳасига қарши чиқди. Унинг сўзларига кўра, жарроҳлик йўли билан кастрация қилиш қийноқ ва қийноқлар Қирғизистон Конституцияси билан тақиқланган. Депутат Дастанбек Жумабеков унинг фикрига қўшилиб, инсон ҳаёти ва соғлиғига тажовуз қилишга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади.

Бунга жавобан Бакасов вояга етмаганларни зўрлаганлик учун жарроҳлик кастрация қилиш «қийноқ эмас, балки даволаш» эканлигини ва бу мамлакат Конституциясига зид эмаслигини айтди.

Қирғизистон Омбудсмени Атир Абдрахматова Бакасовга мамлакатда бегуноҳ одамлар панжара ортига қўйилган суд хатолари тез-тез учраб туришини эслатиб, жарроҳлик кастрация масаласи ҳали тўлиқ ўрганилмагани ҳам қўшимча қилди.

Қонун лойиҳасида кастрациядан ташқари, 20 ёшгача бўлган болаларга нисбатан зўрлаш ва зўравонлик учун жазони ошириш, гумонланувчини яширганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этиш таклиф этилади.

Кастрация ҳақидаги қонун лойиҳаси

Вояга етмаганларни зўрлаганлик учун кастрация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси 2022-йилнинг 8-сентябрида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди. Лойиҳанинг асосий ҳужжатида айтилишича, расмий статистик маълумотлар ҳақиқатни тўлиқ акс эттирмайди ва Қирғизистонда болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари «сезиларли» даражада кўпайган. Лойиҳа ташаббускорининг айтишича, бунинг учун «бундай жиноятчиларга нисбатан кескин чоралар ва қаттиқроқ жазо чоралари кўрилиши керак».

Жарроҳлик кастрацияси - бу одамнинг репродуктив органини жарроҳлик йўли билан олиб ташлаш. Қайд этилишича, бундай операциялар жазони ижро этиш тизимидаги тиббиёт муассасалари ва (ёки) соғлиқни сақлаш органларида амалга оширилади.

Қирғизистондаги болаларга нисбатан зўравонлик

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2022 йилнинг июнига қадар Қирғизистонда болаларга нисбатан зўравонлик бўйича 400 дан ортиқ фактлар қайд этилган. Ушбу 400 та фактдан 55 таси жинсий зўравонликдир.

Айни пайтда болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари йил сайин ортиб бормоқда. 2022 йил июль ойи охирида ички ишлар вазири Улан Ниязбеков вояга етмаганларга нисбатан жиноятлар сони ортгани ҳақида хабар берган эди.

Қирғизистонда болаларга нисбатан зўравонлик Боткен вилоятининг Қадамжай туманида 14 ёшли қизнинг ўлдирилишидан сўнг яна кенг муҳокама қилина бошлади. Шунингдек, Бош прокуратура маълумотларига кўра, қиз зўрланган.

Мазкур ҳолат юзасидан милиция томонидан «Қотиллик» моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, суд-тиббий экспертиза тайинланган. 5 сентябрь куни содир этилган қотилликда гумон қилиниб, Қадамжой туманининг 1995, 1997 ва 1998 йилларда туғилган уч нафар фуқароси қўлга олинган.

Президент Садир Жапаров 14 ёшли қизнинг ўлдирилиши бўйича ишига муносабат билдирди ва ишни шахсий назоратига олди.

Бош прокурор Қурманқул Зулушев ҳам иш шахсий назоратида эканлигини таъкидлади. Шу билан бирга, болани тўғри тарбиялаш ҳар бир ота-онанинг вазифаси эканини таъкидлади.

Парламентнинг бир қанча аъзолари ушбу иш фонида вояга этмаганларни зўрлаганлик учун ўлим жазосини жорий этишни таклиф қилишди.