Адвокатлар ассоциацияси: Кампиробод бўйича қўлга олинганлар ишини «махфий» қилиш ноқонуний

263
Эркин Саданбеков

Қирғизистон адвокатларининг ассоциацияси Кампиробод масаласи бўйича оммавий ҳибсга олинганларнинг ишларини махфий қилишни  «ноқонуний» деб атади. Бу ҳақда ассоциациядан 19-январда билдиришди.

Ассоциациянинг аъзоси Эркин Саданбеков эса «Клооп»га иш махфий бўлса қўлга олинганларнинг суд текшируви «адолатли бўлмай қолиши мумкин» деб таъкидлади. 

«Биринчи май туман судидаги, Бишкек шаҳар судидаги процессларга қамалганларнинг қариндошлари, журналистлар, жамоатчилик қатнашди, гувоҳ бўлди. Ахборот воситаларида кенг ёритилиб турди. Бу ишда ҳеч қандай сир йўқ, бутун мамлакат кўрди», — деди у.

Саданбеков, «махфий» мақомининг берилишига барча адвокатлар норози эканини қўшимча қилди. 

18-январда ИИВ Кампиробод ишини тўлиқ яширин қилган. Суд процесслари ёпиқ ўтадиган бўлган. 

Кампиробод иши

Кампиробод иши бўйича қамалганларнинг бир қисми. Сурат: Коллаж

2022-йилнинг октябри охирида Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишини танқид қилган 20 нафардан ортиқ фаол, сиёсатчи ва ҳуқуқ ҳимоячиси қўлга олинган. Уларнинг бари оммавий тартибсизлик уюштиришга тайёрланишда айбланган. Шундан бери тергов амаллари олиб борилмаяпти. 

Қўлга олинганларнинг бари айблари йўқлигини, уларга босим бўлаётганини, жиноят иши уларнинг Кампиробод масаласи бўйича позицияси сабаб қўзғалганини билдиришган. Қамоққа олишдан норозилик билдириб 19 киши очлик эълон қилган. 

Улар очилик оқибати учун жавобгарликни шахсан президент Садир Жапаровга ва МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиевга юклашган. Кейинчалик ҳибсга олинганларнинг уч нафари: журналист Айданбек Акматов, сиёсатчи Азимбек Бекназаров ва фаол Чингиз Капаров очликни тўхтатишган. 

Йигирмадан ортиқ сиёсатчи билан фаолнинг қўлга олинишини бир қатор депутатлар айблаб, Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти эса ҳукуматни қўлга олинганларнинг барини озод қилишга чақирган.