«Газпром Қирғизистон» зарарга ишламоқда, ҳукумат компаниядан 700 миллион сомга яқин қарздор

257

Қирғизистон ҳукумати «Газпром Қирғизистон»дан 700 миллион сомга яқин қарздор. Бу ҳақда economist.kg нашри компания раҳбарининг иқтисод ва молия бўйича ўринбосари Арзимат Алдаяровга таяниб ёзди.

19 январь куни энергетика масаласи муҳокама қилинган парламент йиғилишида бир неча депутат «Газпром Қирғизистон» компанияси фаолиятини, хусусан, газлаштиришни амалга оширишни танқид қилган. Депутат Шайлобек Атазовнинг айтишича, шу туфайли энергетика соҳасига юк ортиб бормоқда.

Яна бир депутат Алишер Козуев 2014 йилда «Газпром Қирғизистон» «Қирғизгаз»ни 1 долларга сотиб олганидан кейин қандай ишлар амалга оширилганини сўраган.

Бунга жавобан Алдаяров 5 йил ичида 2800 километрдан ортиқ 1200 та газ қувури қурилиб, газ тақсимлаш станцияларининг қурилиши якунланганини айтди. Унга кўра, Бишкекдаги 46 турар-жой массивидан 27 таси газлаштирилган, яна бештаси 2023 йилда газлаштирилади.

Шунингдек, у компания томонидан 2030 йилгача ҳисобланган газлаштиришнинг умумий схемаси ишлаб чиқилганини айтди.

«Схемада Қирғизистонга газ етказиб беришни 60 фоизга ошириш кўзда тутилган. Бу йилги режага кўра, Бишкекдаги бешта янги аҳоли пункти ва Чуй вилоятидаги иккита аҳоли пункти газлаштирилади – бу 6 минг абонент [...] Лекин иқтисодий омил ҳам бор – бизнинг тарифимиз таннархдан паст қилиб белгиланган. Олти йилдан бери зарар кўриш даражасида ишлаяпмиз. Ҳукуматнинг катта қарзлари бор, улар 700 миллион сомга яқинлашди. Бир йилга мўлжалланган сармоявий дастуримиз 1 миллиард сом бўлиб, шундан 700 миллион сом қарз», — деди у.

19 январь куни «Газпром Қирғизистон» савдо объектлари ва газдан ишлаб чиқариш мақсадида фойдаланиладиган корхоналар, масалан, ресторан, кафе ва ҳаммомларга газ етказиб беришни чеклаши маълум бўлди. Қайд этилишича, бундай қарор аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини газ билан тўлиқ таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

2014 йилда Россиянинг «Газпром» компанияси Қирғизистонга газ етказиб бериш учун масъул бўлган «Қирғизгаз» ширкатини рамзий 1 долларга сотиб олди. «Қирғизгаз» ўрнига «Газпром Қирғизистон» ташкил этилди. Корхона аҳолини кўк ёқилғи билан узлуксиз таъминлаш, тарифларни пасайтириш ва мамлакат газ инфратузилмасини модернизация қилишга сармоя киритиш мажбуриятини олди.

Россия томони 5 йил ичида газ саноатини ривожлантиришга 20 миллиард рубль сармоя киритиши маълум қилинган эди.